Излаш
RUUZ

Жамият

“Инглиз тилини билган ходимни ойлиги юқорироқ бўлади” — Шерматов ёшларни тил ўрганишга ундади

Вазир Шерзод Шерматов ота-оналар ва ўқитувчилардан ёшларни тил ўрганишда мавжуд имкониятлардан фойдаланишга ундашларини сўради.

1276views0replies
0

Халқ таълими вазирлиги

Халқ таълими вазири Шерзод Шерматов ҳудудларда ёшларга ва ота-оналарга инглиз тилини яхшироқ ўрганиш орқали ўз келажагини қуриш мумкинлигини мисоллар билан тушунтириб берди:  
“Биз ёшликда инглиз тилини ўрганаётганимизда энг катта муаммо асл инглиз тилида сўзловчини (native speaker) нутқини топиш бўлар эди, таниш-билишлардан анча қидириб битта кассета топсак, қандай хурсанд бўлиб роса эшитиб ўрганар эдик. Шунча қийналиб бўлса ҳам, репетиторсиз TOEFL топшириб, АҚШда ўқиш имкониятига эга бўлгандик.
Ҳозирги ёшларда тил ўрганиш учун имкониятлар жуда кўп. Лекин жойлардаги юқори синф ўқувчилари билан суҳбатлашганимда улар бундай имкониятлардан етарлича фойдаланмаётгани билиниб қолмоқда. Улар билан мулоқот пайтида нафақат инглиз тилида сўзлашишга қийналишаётгани, балки маҳаллий акценти ҳам қаттиқ сезиляпти.
Online-maktab телевизион каналларида ёшларимиз инглиз тилини ўрганишлари учун АҚШлик ҳамкорларимиз ҳамда UNODC томонидан инглиз тилидаги мультфильмлар тақдим этилган. Уларни бемалол дарсдан кейин ва дам олиш кунлари фарзандларимиз томоша қилиб ўрганишлари мумкин.
Ундан ташқари, инглиз тили дарсларини айнан америкалик ўқитувчи томонидан ўтилишини бошладик. Ҳозирча битта ўқитувчи дарсларни қисман ўтмоқда. Январь ойида Ўзбекистонга АҚШдан бир қатор ўқитувчилар етиб келишади ва 1-11-синфларнинг барчасига инглиз тили телевизион дарслари “native speaker” томонидан олиб борилади.
Бу дарсларни нафақат ўқувчиларимиз, балки ўқитувчиларимиз ҳам томоша қилишса, улар ҳам ўз талаффузларини тўғри шакллантиришлари учун фойдали бўлади. Улар ўқиган университетларида ҳам “native speaker” бўлмаган, шунинг учун уларнинг кўпчилигида ҳам маҳаллий акцент шаклланган.
Телевизион дарслар жадваллари бизнинг Telegram каналларимизда мунтазам эълон қилиб борилмоқда:  
Интернети бор оилаларда эса ёшларимизни вақтларини бекор ўтказмасдан, кўпроқ инглиз тилини ўрганишга сарфлашларига ундасак, жуда катта имкониятлар бор. Масалан, катта қизим мактабида 10 синфини тугатиб, ёзги таътил пайтида уй ишлари билан банд пайтида ҳам TED talks серияларини эшитиб юриб, IELTS Listening қисмидан 9 олган эди. 
Албатта, интернет учун инфратузилма керак, трафик ҳам кетади. Лекин Online-maktab телевизион каналларини эса республикамизнинг деярли барча ҳудудларида бепул кўриш имконияти мавжуд. 
Шу сабабли, ҳурматли ота-оналаримиздан ва ўқитувчиларимиздан фарзандларимизни ушбу телевизион каналларимиз орқали эфирга узатилаётган инглиз тилидаги мультфильмларни ҳамда америкалик асл инглиз тилида сўзловчиларнинг дарсларини қўшимча машғулот сифатида кузатиб боришларига ундашларини сўраймиз! Эслатиб ўтаман, “native speaker” кўпгина қиммат хусусий мактабларда ва тайёрлов марказларида ҳам йўқ.
Инглиз тилини билган мактаб битирувчисининг келгусида муваффақиятга эришиш имкониятлари тил билмайдиган тенгдошлариникига нисбатан анча юқори бўлади. Ўзбекистонда хорижий корхоналарда ёки халқаро ташкилотларда ишлайдими, туризм ва хизмат кўрсатиш соҳасида ишлайдими, албатта, инглиз тилини билган ходимни ойлиги юқорироқ бўлади. Чет элга ишга ёки саёҳатга кетса ҳам, инглиз тилини билса имкониятлари янада кенгроқ очилади. Инглиз тилини яхши билган ўқитувчилар эса давлат бюджетидан 30% устама ҳақи олиши билан биргаликда репетиторлик орқали қўшимча даромад олиш имкониятига ҳам эга бўладилар.
Оддий мисол, АҚШда бирон бир катта компаниянинг мижозларига хизмат кўрсатиш бўйича телефон рақамига мурожаат қилинса, одатда ҳиндча акцентда жавоб беришади, чунки бундай қўнғироқлар тўғри Ҳиндистондаги колл-марказга юборилади. Бизда АҚШлик истеъмолчилар учун ортиқча акцентсиз гапирадиган мутахассислар кўпроқ бўлса, келгусида АҚШлик компаниялар хизматларини Ўзбекистонга аутсорс қилиш имкониятлари ҳам кенгаяди. Шунга инглиз тилида равон сўзлашадиган битирувчилар олий таълимга кира олмаса ёки дастурчиликни ўргана олмаса, жуда бўлмаса, интернет орқали колл-марказ хизматларини кўрсатиши ва оила рўзғори учун қўшимча даромад топиши мумкин бўлади.
Ҳозирни ўзида минглаб ёшларимиз инглиз тилини билгани учун Ўзбекистонда оиласи бағрида яшаб интернет орқали хорижий компанияларга турли хизматлар кўрсатиб маҳаллий бозорга кўрсатилган хизматлардан кўра яхшироқ даромад топмоқдалар” – дея ўз фикрини билдирган ХТВ раҳбари.
1276views0replies
0

Изоҳлар