Излаш
RUUZ

Жамият

Сенат Раиси жинсий тарбия дарслари ҳақидаги таклифига изоҳ берди

Қайд этилишича, Ўзбекистонда ажримларнинг 15 фоизи бепуштлик оқибатида бўляпти.

2479views0replies
0

senat.uz

Жорий йил 4 декабр куни бўлиб ўтган Одам савдоси ва мажбурий меҳнатга қарши курашиш миллий комиссияси йиғилишида Олий Мажлис Сенати раиси Танзила Норбоева таълим муассасаларида жинсий тарбия дарслари ўтилиши ҳақидаги таклифига изоҳ берди.
–  Мен жинсий тарбия ҳақида гапирганимда блогер ва журналистларимиз мутлақо нотўғри тушунишди. Жинсий тарбия зарурати ҳақида гапирганимга сабаб, қизларни гинекологга, ўғил болаларни урологга олиб бориб текширтириш, шамоллаш асоратларининг олдини олиш мумкин. Ёшлигидан соғлигига қарайдиган бўлсак, бепуштликнинг олдини олса бўлади, - дейди Сенат Раиси.
Қайд этилишича, Ўзбекистонда ажримларнинг 15 фоизи бепуштлик оқибатида бўляпти. Бунда нафақат аёлларнинг, балки эркакларнинг ҳам бепуштлиги кузатилади. 
– Эркаклар шифокорга боришга уялади. Иккинчи, учинчи аёлга ҳам уйланади. Лекин боласи бўлмайди. Айб ўзида, аммо даволанишни истамайди. Шундай стереотиплар билан курашишимиз керак, - деди Норбоева.
Шунингдек, Сенат Раиси Ўзбекистонда одам савдоси жиноятларида чақалоқ савдосининг улуши ортганлигига ҳам алоҳида эътибор қаратди. Танзила Норбоеванинг таъкидлашича, чақалоқ сотиб олувчи шахслар билан суҳбатлар ўтказилганда улар бу ишга фарзанди бўлмагани, оиласини сақлаб қолиш чораси сифатида қўл уриши ҳамда бола ўз ақлини таниб олмасдан, кичиклигида асраб олиши кераклиги ҳақидаги важни келтиришган.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ, Танзила Норбоева болалар боғчасидан тортиб, то олий таълимгача жинсий тарбиядан таълим берилиши зарурлиги ҳақида гапирган ва бу ижтимоий тармоқларда муҳокамаларга сабаб бўлган эди.
2479views0replies
0

Изоҳлар