Излаш
RUUZ

Сиёсат

Президент йирик заводларга энергияни оптималлаштириш вазифасини топширди

Биргина Тошкент труба заводида жараёнларни оптималлаштириш ҳисобига 20 миллион киловатт соат энергияни иқтисод қилиш мумкинлиги аниқланган.

964views0replies
0

president.uz

Президент раислигида 3 декабрь куни илм-фан ва инновацияни ривожлантириш борасида олий таълим муассасалари, илмий ташкилотлар, тармоқ ва ҳудудлар олдидаги устувор вазифалар муҳокамаси юзасидан видеоселектор йиғилиши ўтказилди.  
Шавкат Мирзиёев энергетика тармоғидаги муаммоларга алоҳида эътибор қаратди.
Бу соҳада 3 та олийгоҳ, 2 та илмий ташкилот, ўнлаб олимлар бўлса-да, муаммоларни ҳал қилишда ўрни сезилмаяпти. Йирик корхоналарда ёқилғи-энергетика ресурслари истеъмолини таҳлил қиладиган илмий тадқиқотлар йўқ.
Таъкидланишича, бир йилда 100 миллион киловатт соат электр ишлатадиган Тошкент труба заводи ўрганилганда, жараёнларни оптималлаштириш ҳисобига 20 миллион киловатт соат энергияни иқтисод қилиш мумкинлиги аниқланган. Бунинг ҳисобидан қанчадан-қанча хонадонларга ёруғлик етказиш мумкин.
Шу мақсадда “Иссиқлик электр станциялари”, “Навоийазот”, “Фарғонаазот”, “Қизилқумцемент”, “Бекободцемент”, “Қувасойцемент” каби йирик корхоналарда илмий ташкилотлар билан бирга электр энергияси сарфини оптималлаштириш бўйича вазифа қўйилди. 
Шунингдек, ҳар йили газ транспорт тизими ва йирик саноат корхоналаридан чиқаётган иккиламчи газлар 730 мегаватт электр энергия салоҳиятига эга бўлиб, бу имкониятдан умуман фойдаланмай келинмоқда. Шундай экан, илмий ташкилотлар билан ҳамкорликда Муборак, Шўртан ва Газли конларида йўлдош газлардан электр энергияси олиш бўйича лойиҳалар ишлаб чиқиш зарурлиги қайд этилди.
– Бир нарсани билишимиз керак: илмсиз, инновациясиз олдимизга қўйган мақсадларга ҳеч қачон эриша олмаймиз. Ҳисобот учун эмас, натижа учун ишлаш керак, – дея таъкидлади Президент.
Йиғилишда илм-фан ва олий таълим муассасалари, тармоқ ва ҳудуд раҳбарлари келгуси йили қайси йўналишларда илмий лойиҳаларни амалга ошириши ва қандай натижаларга эришиши юзасидан ахборот берди.
964views0replies
0

Изоҳлар