Излаш
RUUZ

Криминал

Тошкент вилоятида пенсияга оид иш стажини қўшиб ёзган архивчилар фош қилинди

Архивчилар иш ҳақларини ҳисоблаш китобларини янгисига кўчираётган пайтларида янги исм-фамилияларни қўшиб боришган.

874views0replies
0

Иллюстрация / Андижон вилояти ҳокимлиги

Пенсия жамғармаси давлат пенсияларини тайинлашда корхона, ташкилот ва архив идораларидан тақдим этилаётган иш стажи ва иш ҳақи тўғрисидаги маълумотномаларнинг асосли ва қонунийлигини жойига бориб ўрганганида “Ўзархив” агентлигининг айрим қуйи бўғинлари қатор нотўғри ва асоссиз маълумотлар тақдим этаётганини аниқлади.  
Хусусан, Тошкент вилоятининг Пискент туман хўжалик ҳисобидаги идоралараро шахсий таркиб ҳужжатлар архивидан тақдим этилган ҳужжатларнинг асосли берилиши ушбу архив фондида  сақланаётган собиқ “Свердлов” колхозининг 1984, 1985 ва 1986 йиллар учун иш вақти ҳамда иш ҳақларини ҳисоблаш китоблари қайтадан бошқа янги китобларга ишламаган фуқароларнинг исми ва фамилиялари қўшилган ҳолда кўчириб чиқилаётганлиги кузатилди. Мисол учун, “Свердлов” колхозининг 1984 йилдаги ҳақиқий иш ҳақи ҳисоблаш китоби 60-тартиб рақамидаги Т.Қ. исм, фамилияси билан якунланган бўлса, янгидан кўчириб чиқилаётган китобида 63-тартиб рақами билан Ҳ.М. исм, фамилияси билан якунланган яъни, китобнинг сўнгги саҳифасига 3 нафар фуқароларнинг исм ва фамилиялари қўшиб ёзилган ҳолда, эски китоб янгиланаётганлиги аниқланди.
Худди шунингдек, ушбу колхознинг 1985 йил учун юритилган ҳақиқий китоби 53-тартиб рақамдаги Х.Ш. исм, фамилияси билан якунланган бўлса, шу йил учун янгидан кўчириб чиқилган китоби 60-тартиб рақамидаги Ғ.А. исм, фамилияси билан яунланган.
Қўшиб ёзилган (киритилган) фуқаролардан бири Б.Р.га 20.01.2020 йилдан ўрганиш кунига қадар 3,6 млн. сўмлик ижтимоий нафақа нотўғри тайинлангани, Х.М.га эса пенсияга ҳуқуқи бўлмаган ҳолда 1,7 млн. сўм ноқонуний тўланишига йўл қўйилганлиги аниқланди. 
Шунингдек, янги китобга исм-фамилияси қўшиб қўйилган фуқаролар Й.А., А.М., Ш.Н., З.Ш. ва Т.М.ларга Пенсия жамғармасининг Тошкент вилояти бўлимлари томонидан пенсия ва нафақалар тайинланмаганлиги аниқланди.
Пискент туман хўжалик ҳисобидаги идоралараро шахсий таркиб ҳужжатлар архивнинг янги китобларига исм, фамилиялари қўшилган яна 78 нафар фуқароларнинг рўйхатлари шакллантирилиб, ҳозирда ўрганиш ва мониторинг ишлари давом эттирилмоқда.
Юқоридагилардан ташқари, Тошкент вилоятининг Янгийўл туман хўжалик ҳисобидаги идоралараро шахсий таркиб ҳужжатлар архивидан берилган асоссиз маълумотлари бўйича пенсия олиш ҳуқуқи бўлмаган фуқаролардан А.М.га 5,9 млн. сўм, И.Б.га 1,1 млн. сўм, А.С.га 2,1 млн. сўм ва Х.У.га 6,1 млн. сўм миқдоридаги ортиқча пенсиялар тўланганлиги аниқланди.
Юқоридагилардан ташқари, Тошкент вилоятининг Паркент туманда ҳам 4 нафар фуқароларнинг ҳужжатларида қўшиб ёзишлар ва бошқа нотўғри маълумотлар берилганлиги натижасида фуқароларга 10,6 млн. сўм миқдоридаги пенсия тўловлари амалга оширилган. 
Пенсия жамғармаси матбуот хизмати Пискент, Янгийўл ва Паркент туман хўжалик ҳисобидаги идоралараро шахсий таркиб ҳужжатлар архивларидан берилган асоссиз маълумотлар юзасидан тегишли ҳужжатлар расмийлаштирилиб, ҳуқуқий баҳо бериш учун ҳуқуқни муҳофаза қилиш органларига тақдим қилишини маълум қилди.
874views0replies
0

Изоҳлар