Излаш
RUUZ

Жамият

Ўзбекистонда автобуслар билан таъминланганлик даражаси ҳар 100 минг аҳолига 24 тани ташкил этади

Маълум қилинишича, транспорт паркини янгилаш учун келгуси йилда қўшимча 800 та автобусга эҳтиёж мавжуд.

713views0replies
0

Марат Наджибаев / UzNews.uz

Ўзбекистонда аҳолининг автобуслар билан таъминланганлик даражаси ҳар 100 минг аҳолига 24 тани ташкил этади. Бу ҳақда 30 ноябрь куни Президент Шавкат Мирзиёев раислигида бўлиб ўтган ҳудудларда жамоат транспортини ривожлантириш чора-тадбирларига оид йиғилишда қайд этилди.
Маълум қилинишича, ўтган 10 ойда Халқ қабулхоналарига ушбу масалада 3 мингдан зиёд мурожаат бўлгани ҳам соҳада камчиликлар кўплигини кўрсатади.
23 ноябрь куни Тошкент шаҳрида жамоат транспортини бошқариш ва инфратузилмасини ривожлантириш лойиҳаси кўриб чиқилган эди. Ўшанда давлат раҳбари бу янги тизимни бошқа шаҳарларда ҳам йўлга қўйиш бўйича кўрсатма берганди. Транспорт вазирлиги ва ҳокимликлар томонидан шу борадаги имкониятлар ўрганилиб, таклифлар тайёрланди.
Бугунги йиғилишда ушбу таклифлар ҳар бир ҳудуддаги биттадан туман ва шаҳар мисолида муҳокама қилинди.
Ҳисоб-китобларга кўра, мамлакат бўйича кунига қарийб 20 миллион йўловчидан бор-йўғи 4,4 миллиони ёки 22 фоизи жамоат транспортидан фойдаланмоқда. Бу кўрсаткич Андижон, Қашқадарё, Наманган, Хоразм, Самарқанд, Фарғона, Бухоро ва Тошкент вилоятларида бундан ҳам паст. 1 минг 200 та қишлоқ туман марказигача бўлган йўналишда жамоат транспорти билан қамраб олинмаган.
Президент қишлоқдан туман марказигача ҳамда у ердан вилоят марказигача бўлган транспорт хизматлари кўламини кенгайтириш ва уларнинг сифатини ошириш зарурлигини таъкидлади.
– Одамлар учун шаҳар, туман ва қишлоқлар орасида транспортни қулай, хавфсиз ва осон қилиш керак. Бу хизматлардан халқ рози бўлиши керак, - деди Шавкат Мирзиёев.
Туманлардан вилоят марказларига қатновчи автобуслар эскиргани, айримлари хизмат муддатидан ортиқ фойдаланилаётгани кўрсатиб ўтилди. Автобуслар билан таъминланганлик даражаси ҳар 100 минг аҳолига 24 тани ташкил этади. Бу кўрсаткич Сурхондарё, Қашқадарё, Наманган ва Андижонда 15 тага ҳам етмайди. 
Маълум қилинишича, транспорт паркини янгилаш учун келгуси йилда қўшимча 800 та автобусга эҳтиёж мавжуд.
713views0replies
0

Изоҳлар