Излаш
RUUZ

Жамият

Антимонополия учта вилоят ҳокимлиги ва ички ишлар бошқармаларига нисбатан иш қўзғатди

Маълум қилинишича, ҳокимликлар ҳудудлардаги ички ишлар органлари ходимларига вилоят ҳудудидан чигитни чиқармаслик тўғрисида топшириқ берган.

1071views0replies
0

alterrapure.com

Монополияга қарши курашиш қўмитаси томонидан Қашқадарё, Сурхондарё ва Хоразм вилоят ҳокимликлари ҳамда ушбу вилоятлар Ички ишлар бошқармаларига нисбатан тегишли иш қўзғатилди.
Бунга хўжалик юритувчи субъектлар томонидан ўрнатилган тартибда харид қилинган пахта чигитини бир вилоятдан (шаҳардан) бошқа вилоятга (шаҳарга) олиб чиқишга қўйилаётган норасмий чекловлар сабаб бўлган.
Қўмитанинг маълум қилишича, вилоят ҳокимликлари томонидан ҳудудлардаги ички ишлар органлари ходимларига вилоят ҳудудларидан пахта чигитини чиқармаслик тўғрисида топшириқ берилган ва шунга кўра, чигит маҳсулоти чегара пост хизматларидан чиқарилмаяпти.
“Биржа савдоларида республиканинг барча ҳудудларидаги ишлаб чиқарувчи корхоналар томонидан ушбу чигит маҳсулотини сотиб олишлари мумкинлиги қонунчилик билан белгиланган бўлсада, ҳокимликлар чигитни фақатгина ушбу ҳудуддаги ишлаб чиқарувчилар томонидан сотиб олиниши ва ушбу ҳудуддан олиб чиқиб кетмасдан ишлатиши бўйича кўрсатма бермоқда”, дейилади Қўмита муносабатида.
Шунингдек, давлат органларига, шунингдек уларнинг мансабдор шахсларига битимлар тузиш бўйича қарорлар қабул қилиш, тадбиркорлик фаолияти субъектларига кўрсатмалар ва бошқа фармойишлар бериш тақиқланади.
“Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекси”нинг 178-моддасига асосан эса рақобат тўғрисидаги қонун ҳужжатларини, табиий монополиялар тўғрисидаги қонун ҳужжатларини ва истеъмолчиларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш тўғрисидаги қонун ҳужжатларини бузилиши ҳолати бўйича тегишли жавобгарлик чоралари белгиланган.
“Мазкур ҳолат Монополияга қарши курашиш қўмитаси томонидан ўрганиб чиқилиб, барча вилоятлар ҳокимликларига ҳамда Ички ишлар вазирлиги ва вазирликнинг вилоят бошқармаларига бундай ҳаракатларни содир этилишига йўл қўймаслик бўйича тегишли чоралар кўриш юзасидан мурожаат қилинди.
Шунингдек, бугунги кунда Қўмита томонидан Қашқадарё, Сурхондарё ва Хоразм вилоят ҳокимликлари ҳамда ушбу вилоятлар Ички ишлар бошқармаларига нисбатан тегишли иш қўзғатди”, дейилади Монополияга қарши курашиш қўмитаси муносабатида.
Монополияга қарши курашиш қўмитаси томонидан хўжалик юритувчи субъектларга улар фаолият кўрсатаётган ҳудудидан қаътий назар қонуний харид қилинган махсулотларни бир ҳудуддан бошқасига олиб чиқиб кетишда муаммолар юзага келган тақдирда Қўмитага мурожаат қилишлари сўралади.
1071views0replies
0

Изоҳлар