Излаш
RUUZ

Жамият

"Антимонополия" Олмалиқ шаҳар “элетросеть” бошлиғини судга берди

У аҳолини огоҳлантирмасдан тармоқдан узиб қўйган.

562views0replies
0

Иллюстрация

Тошкент вилояти Монополияга қарши курашиш ҳудудий бошқармаси “Олмалиқ шаҳар электр таъминоти” корхонаси раҳбари Уразалиев Анваржон Ҳайдаралиевичга нисбатан Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги Кодекснинг 178-моддасига асосан маъмурий баённома расмийлаштириб, Олмалиқ шаҳар маъмурий судига юборди.
У шаҳардаги 279-сонли электр трансформаторга уланган истеъмолчиларни ўрнатилган тартибда огоҳлантирмасдан электр таъминотидан узиб қўйган. 
Шунингдек, Тошкент вилояти Зангиота туманида яшовчи аҳоли истеъмолчилари электр энергиясидаги мавжуд қарздорлик учун узиб қўйилганлиги ҳамда абонентлар томонидан тегишли тўловлар амалга оширилиб, корхонага тармоққа қайта улаш бўйича берилган буюртма (ариза)лар мавжуд бўлишига қарамай, истеъмолчиларни электр тармоғига қайта улаш ишлари кечикаётганлиги билдирилган.
Юқоридаги ҳолат юзасидан “Тошкент ҳудудий электр тармоқлари” АЖга кўрсатма берилган ва жамият томонидан кўрсатманинг ижросини таъминлаш тўғрисидаги 517-сонли буйруқ қабул қилинган. Унга кўра, ҳолат атрофлича ўрганиб чиқилиб, барча раҳбар ходимлар келгусида қонун бузилиш ҳолатларига йўл қўймаслик тўғрисида огоҳлантирилган.
Шунга қарамасдан, 20 ноябрь куни Тошкент туманидаги қарийб 17 минг электр энергия истеъмолчиси томонидан фойдаланилган электр энергияси учун тўловлар бўйича юзага келган қарздорлик сабабли, амалдаги тартиб бўйича АСКУЭ тизими автоматик равишда қарздор истеъмолчиларнинг таъминотини тўхтатган. Ўз навбатида, юқоридаги ҳолат ўрганилганда фойдаланилган электр энергияси учун қарздорлик тўлангандан кейин ҳам автоматик равишда электр тармоғига қайта уланмаган ҳолатлар аниқланган.
Ушбу ҳолат жорий йилнинг 21, 22 ноябрь кунлари Қибрай ҳамда Зангиота туманларида ҳам аниқланган. 
Монополияга қарши курашиш қўмитасининг маълум қилишича, ҳозирги кунда ҳудудий бошқарманинг 29.10.2020 йилдаги 11/02-И-сонли кўрсатмасини бажармаганлиги сабабли, Тошкент, Зангиота, Қибрай тумани электр тармоқлари корхоналари раҳбарларига нисбатан маъмурий ҳужжатларни расмийлаштириб, тегишли тартибда кўриб чиқиш учун маъмурий судга юбориш чоралари кўрилмоқда.
562views0replies
0

Изоҳлар