Излаш
RUUZ

Жамият

Ўзбекистонда ёшлар орасида ажралишлар сони фақат ортган

Никоҳланувчи ёшларни тиббий кўрикдан ўтказиш самарадорлигини ошириш тўғрисида Вазирлар Маҳкамасига парламент сўрови юборилади.

669views0replies
0

ЎзА

Олий Мажлис юқори палатасининг тўққизинчи ялпи мажлисида ёшлар орасида ажралишлар масаласи танқидий кўриб чиқилди.  
Маълум қилинишича, Ўзбекистонда никоҳдан ажралишлар сони ёшлар орасида барқарор ўсиб бориб, 2015-2019 йилларда жами 29,3 мингтадан 31,4 мингтагача ошди. 
Оилавий ажралишларнинг сабаблари сифатида ўзаро шахсий муносабатлардаги келишмовчиликлар, бепуштлик, ногирон болалар туғилиши, эр ёки хотиннинг сурункали касаллиги борлиги кўрсатилди.
Таъкидланишича, соғлиқни сақлаш тизимидаги айрим камчиликлар, ёшларнинг тиббий маданияти даражаси етарли эмаслиги сабабли 2019 йилда 3357 нафар, 2020 йилнинг 6 ойи давомида 4075 нафар бир ёшгача гўдаклар ўлими қайд этилган. Бу ҳолатга ирсий касалликлар ҳамда яқин қариндошлар ўртасида тузилган никоҳ ҳам сабаб ҳисобланади.
Айнан шундай вазиятларга барҳам бериш мақсадида 2003 йил 23 августда Ҳукуматнинг “Никоҳланувчи шахсларни тиббий кўрикдан ўтказиш тўғрисидаги низомни тасдиқлаш ҳақида”ги 365-сонли қарори қабул қилинган.
Бироқ никоҳдан олдинги тиббий кўрикдан ўтишдаги тизимли муаммолар мавжудлиги, ёшларнинг муносабати жиддий эмаслиги, тиббий кўриклар формал ўтказилиши, шифохоналарда тегишли мутахассислар ҳамда моддий-техника базаси етарли эмаслиги келгусида оилаларнинг мустаҳкамлигига ҳамда туғилаётган фарзандлар саломатлигига салбий таъсир кўрсатмоқда.
Сенаторлар томонидан никоҳланувчиларни тиббий кўрикдан ўтказишда холислик ва сифати устидан назорат қилиш тизимини такомиллаштириш, тиббий кўрикни ўтказишда ҳудудийликка амал қилиш, никоҳланувчиларга тиббий-генетик ва репродуктив саломатликка оид масалаларда бепул маслаҳатлар бериш, шифокорлар ва ФҲДЁ органлари ходимларининг масъулиятини ошириш, кўрикдан ўтказиш бўйича тиббий хизмат кўрсатувчи муассасалар фаолиятини мониторинг қилувчи ягона ташкилотни белгилаш таклифлари илгари сурилган.
Юқоридагилардан келиб чиқиб никоҳланувчи ёшларни тиббий кўрикдан ўтказиш самарадорлигини ошириш тўғрисида Вазирлар Маҳкамасига парламент сўрови юбориш ҳақида Олий Мажлис Сенатининг қарори қабул қилинди.
Аввалроқ, Маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш вазирлиги матбуот котиби Саодат Боймирзаева Ўзбекистонда энг кўп оилавий ажрим қайд этилган ҳудудларни маълум қилганди.
669views0replies
0

Изоҳлар