Излаш
RUUZ

Жамият

Эндокринологик ёрдам миллий дастури ўзбекистонда қандли диабетга чалинган минглаб беморларга қандай ёрдам беради

Ўзбекистонда қандли диабет билан оғриган беморлар қандай яшаётгани ва уларга эндокринологик ёрдам кўрсатиш миллий дастури қандай ёрдам бергани ҳақида мамлакат бош эндокринологи Феруза Алимовна Хайдарова ҳикоя қилади.

1565views0replies
0

2019 йил 19 апрелда Ўзбекистон Президентининг фармони билан 2019-2021 йилларга мўлжалланган аҳолига эндокринологик ёрдамни такомиллаштириш миллий дастури тасдиқланди. Миллий дастурнинг асосий йўналишларидан бири қандли диабет билан оғриган беморларни даволаш сифатини ошириш бўлди.
Ҳар йили 14 ноябр куни нишонланадиган халқаро диабет куни арафасида Ўзбекистон бош эндокринологи ва Республика ихтисослаштирилган эндокринология илмий-амалий тиббиёт маркази бош шифокори Феруза Алимовна Хайдарова миллий дастур қандли диабет билан оғриган беморлар ҳаётини қандай ўзгартиргани, қандай натижалар қўлга киритилгани ва бу йўналишда нима қилиш кераклиги ҳақида сўзлаб берди.
Миллий дастур ғояси қандай юзага келди ва у қандай мақсадларга эришиши керак эди?
Эндокринологик ёрдамни яхшилаш бўйича Миллий дастурни яратиш масаласи анча олдин, 2000 йилларнинг бошларида пайдо бўлган, чунки бу соҳадаги сўнгги ўзгаришлар 1992 йилдагина бўлган. Аҳолига эндокринологик тиббий ёрдам кўрсатиш тизимини яратиш, моддий-техник базасини ривожлантириш ва профессионал кадрлар тайёрлашга қаратилган ишлар доимо режа асосида олиб борилган.
Аммо шу билан бир қаторда сўнгги 10-15 йил ичида қандли диабетнинг биринчи ва иккинчи тури билан ҳам кассалланишнинг сезиларли даражада ошиши кузатилиб келинди. Ўз ўрнида сурункали буйрак етишмовчилиги, кўрлик, “диабетик товон” синдроми каби асоратлар сонининг ҳам ошиши кузатилди. Қилинган саъй-ҳаракатларга қарамай, муаммолар ҳали ҳам бор эди: тиббий асбоб-ускуналар етишмаслиги, беморлар замонавий ва самарали терапия муолажаларини олишмаган эдилар, қандли диабетнинг биринчи тури билан оғриган болалар ва ўсмирлар инсулинлар билан таъминланмаган эдилар.
Вазият, қалқонсимон без ва қандли диабетли касаллиги бор беморларни даволашда ва диагностика қилишда бўлган ёндашувни кескин ўзгартиришни талаб қилар эди. Ниҳоят, 2019 йилда эндокринолог шифокорлар ва Ўзбекистон ҳукуматининг биргаликдаги саъй-ҳаракатлари билан қисқа вақт ичида мамлакатдаги вазиятни сезиларли даражада яхшилайдиган ва бир қатор муҳим ўзгаришларни амалга ошира оладиган миллий дастур ишлаб чиқилди.
Дастур амал қилган йил давомида нима қилишга эришилди?
Эндокрин кассаллиги бор беморларга катта эътибор берилиши 2017 йилда, президент Ш.М. Мирзиёев эндокринологик хизматлар иши сифатини ошириш бўйича берган кўрсатмасига биноан бошланган эди. Аввало моддий-техника базасига эътибор қаратдик. Бундан аввал 14та диспансерлар деярли тўлиқ мослаштирилган биноларда жойлашган эди. Ҳеч қандай ускуналар йўқ эди. Сўнгги ярим йил ичида бюджет маблағлари ажратилиб, Навоий, Хоразм, Наманган, Фарғона, Қашқадарёда янги диспансерлар қурилди ва янги замонавий ускуналар қўйилди. 
Бугунги кунда Ўзбекистонда туман тиббиёт бирлашмасидаги оддий тиббиёт хонасидан тортиб, вилоят диспансери ва Тошкентдаги эндокринология марказигача эндокринологик ёрдам кўрсатишнинг вертикал модели амал қилмоқда. Бош марказларни ишини енгиллаштириш ва жойларда беморларга ёрдам кўрсатиш мақсадида бундай тизим барча вилоятларда амал қилади. Бундай ёндашув сабаб, энди одамлар даволаниш учун вилоятдан пойтахтга келишлари шарт эмас.
Мутахассисларнинг билим ва малакасини ошириш, малакали кадрлар тайёрлаш ҳам ишдаги муҳим йўналишлардан бири ҳисобланади. Миллий дастурнинг бандларидан бири қандли диабетни даволаш бўйича ягона миллий стандартларни яратишни кўзда тутган. Қисқа муддатда кўпгина мутахассислар саъй-ҳаракатлари билан замонавий халқаро стандартларга жавоб берадиган 2-турдаги қандли диабетни бошқариш бўйича Миллий тавсиялар ишлаб чиқишга эришилди. Бугунги кунда шифокорлар Ўзбекистоннинг турли вилоятларида қандли диабетни даволашда синовдан ўтган, замонавий жаҳон даражасидаги ёндашувлардан фойдаланмоқдалар.
Миллий дастурнинг қайси натижаси шифокорларнинг ўзлари томонидан энг муҳим деб ҳисобланади?
Шифокорлар учун қандли диабетнинг биринчи тури билан касалланган болалар ҳаёти нақадар ўзгарганлиги энг муҳим ҳисобланади. Аввал уни «инсулинга қарам бўлган» диабет деб аташар эдилар. Бу тана ўз инсулинини ишлаб чиқармайдиган ва ҳаёт давомида ҳар куни инсулин қабул қилишни талаб қиладиган ҳолатдир. Қандли диабетнинг бу тури кўпинча болалар ва ўсмирларда ривожланади ва боланинг ҳам, унинг яқинлари ва дўстларининг ҳам ҳаёт тарзида ўзгаришлар юз беради.
Қандли диабетнинг биринчи турини назорат қилишда кўпгини турли хил омиллар аҳамиятга молик. Аммо улардан энг муҳимлари бу - ўз-ўзини теран бошқариш, оила ва дўстлар қўллаб-қувватлаши ҳамда қабул қилинаётган инсулин туридир. Мисол сифатида, 90-йиллар бошида инсулин турларининг эскирганларини қўллаш муносабати билан 1-турдаги қандли диабетга чалинган болаларнинг ўртача умр кўриши 7 йилни ташкил этар эди.
Ҳозирги кунда Ўзбекистонда қандли диабетнинг 1-турига чалинган  3000дан ортиқ болалар ва ўсмирлар борлиги ҳисобланган. Айнан Миллий дастур туфайли Мустақиллик тарихида биринчи марта мамлакатдаги ҳар бир бола бугунги кунда энг замонавий, аналог инсулинларни бепул олади. Инсулинларнинг шундай тури 1-турдаги қандли диабетни даволашда олтин стандартлардан ҳисобланади ва барча халқаро ташкилотлар томонидан тавсия этилган.
Бутун дунёда диабет билан оғриган болалар ўзларини ҳаётдан четда қолгандай ҳисобламайдилар. Улар ўқишади, ишлашади, спорт билан шуғулланишади, катта бўлиб, ватан равнақи учун ўз ҳиссаларини қўшишади. Мен бу нарсани бизда ҳам кўришни хоҳлар эдим, албатта. Афсуски, ҳаттоки 30 ёшгача яшай олмаган болаларни хотирлайман. Ҳозир эса мамлакатимизда вазиятни бизнинг саъй-ҳаракатларимиз ўзгартира олишига умид бор.
Ишнинг илк натижалари кўринган: қандли диабет касаллигининг ўткир асоратлари бўлган реанимация бўлимлари ва шифохоналарга қабул қилинаётган болалар сони кескин камайган, беморлар мурожаатлари ҳамда болалар эндокринолог шифокорларига катта юк тушиши ҳам пасайган. Бу эса келажакда биз бундай беморлар умри узайганлигини кўра оламиз дегани. 
Самарқанд вилоятидаги «Умид-Д» қандли диабет ва ногиронликнинг бошқа шакллари билан оғриганларга ёрдам кўрсатиш хайрия маркази раиси Татинцян Каринэ Валерьевна ҳам ижобий ўзгаришлар ҳақида гапирди:
«Умид-Д» бу - қандли диабетга чалинган болалар ота-оналарининг ташаббускор гуруҳи. Бизнинг диққат марказимизда қандли диабетнинг биринчи тури билан яшаётган болалар ва ўсмирлар, уларнинг ота-оналари ҳамда қандли диабетли катталардир. Ҳозирги кунда Самарқанд вилоятида қандли диабетга чалинган 400 дан ортиқ болалар ва ўсмирлар, шунингдек, ёшлигида 1-турдаги қандли диабетга чалинган ёшлар рўйхатга олинган.
Миллий дастур қабул қилингандан буён 18 ёшгача бўлган бизнинг болалар мунтазам равишда аналог инсулинларни ола бошладилар. Бизнинг педиатр-эндокринологлар инсулиннинг тақсимланишига катта аҳамият беришади. Индивидуал дозаларни танлашади, доимий равишда ҳар бир кичкина бемор ва унинг ота-оналари билан машғулотлар ўтказишади.
Албатта, болаларнинг ҳаёт сифати яхшиланди. Болалар ва ота-оналар доимо саломатлик аналог инсулинларда яхшиланаётгани ҳақида гапиришади. Муҳими улар ҳар доим ҳар бир болага керак бўлган миқдорда мавжуд. Бунинг барчаси биз учун жуда муҳим ҳодиса бўлиб, давлатимиз томонидан қандли диабет бўйича миллий дастур бундан кейин ҳам қўллаб-қувватланиб келинишига умид қиламиз.
1-турдаги қандли диабет билан оғриган болаларга яна қандай ёрдам керак?
Қандли диабетнинг 1-тури билан касалланган болалар доим шифокорлар ва давлатнинг махсус назоратида ва 18 ёшгача инсулинларни бепул равишда олишади. Аммо гап шундаки, мактабни тугатиб, паспорт олгач, ёшлар қандли диабетга касалланишдан тўхтамайдилар. Улар елкасига Олий ўқув юртига кириш, иш топиш, ўз-ўзини англаш каби «катта» муаммолар билан бир қаторда ҳар куни қилиниши ва ўтказиб юбориш мумкин бўлмаган инъекциялар, инсулинларни харид қилиш каби ташвишлар тушади.
Балоғат остонасидан ўтган ва кечагина ота-онасининг буткул ҳимоясида бўлган бундай ёш қизлар ва йигитлар катта ҳаётнинг кўпгина қийинчиликлари билан юзма-юз келишади ва кўпинча қандли диабетни назорат қилиш улар уддалай олмайдиган муаммога айланади. Ушбу вазиятни тушуниб, унинг асоратларини кузатиб, эндокринолог шифокорлар ҳукумат ёрдамида беморлар 28 ёшгача замонавий инсулинлар билан бепул таъминланишларини режалаштирганлар.
Биринчи турдаги қандли диабетнинг ўзига хос бир хусусияти бу - доимо ўз-ўзини бошқариш кераклиги. Инсулин дозасини ўз вақтида тўғри бериш учун қондаги қанд миқдорини мунтазам равишда текшириш жуда муҳим. Қандли диабетнинг 2-тури билан касалланган беморларга қондаги қанд миқдорини ҳафтада 3-4 марта ўлчаш керак бўлса, 1-тури билан хасталанган болалар ва ўсмирлар кун давомида қондаги қанд миқдорини 4-5 марта текширишлари лозим. Бунинг учун махсус асбоб - глюкометрлар ва улар билан бирга синов чизиқлари ишлатилади.
Глюкометрлар ва синов чизиқларини ҳарид қилиш доим қандли диабетли бемор оиласининг зиммасига тушар эди. Аммо ҳамма оила ҳам синов чизиқларини сотиб олишга мунтазам равишда пул ажрата олмайди. Бу эса натижада боланинг соғлиғи ёмонлашиб, асоратлар хавфи юзага келишига олиб келиши мумкин. Биз бу бандни Миллий дастурга киритдик ва давлатимиз ёрдамида жорий йилнинг сўнггигача керакли миқдорда глюкометрларга эга бўлиб, уларни болаларга бепул равишда тарқата оламиз деб умид қиламиз.
Мақола чоп этилиш вақтига келиб, 1-турдаги қандли диабетга чалинган болалар учун ўз-ўзини назорат қилиш воситаларини сотиб олиш бўйича расмий тендер ўтказилгани ҳақида маълумот олдик.
2-турдаги қандли диабет билан оғриган беморларни даволаш билан боғлиқ вазият қандай ривожланмоқда?
2-турдаги диабет билан боғлиқ вазият бутун дунёда бўлганидек, бизнинг мамлакатимизда ҳам уначалик яхши эмас. Биз учун 2-турдаги қандли диабет касаллигининг кўпайишидаги асосий омиллар кам ҳаракатли турмуш тарзи, ёғли овқатни истеъмол қилиш одатлари бўлиб келмоқда. Бунинг бари семизликнинг, атеросклероз ва артериал гипертониянинг ривожланишига олиб келади. Касаллик бундай вазиятда симптомсиз кечади, беморлар юрак, қон томирлари ва буйракда асоратлар ривожланаётган босқичда мутахассисларга мурожаат қилишади.
Маълум бўлганидек, касалликни даволашдан кўра, олдини олган яхши. Шу сабабли ҳам шифокорлар диққати халқ орасида қандли диабет билан касалланганларни аниқлашга, инсонлар қандли диабет ва унинг асоратлари ҳақидаги маълумотлари ошишига қаратилган. Миллий дастур доирасида Бухоро, Наманган ва Сирдарё вилоятларида 40 ёшдан катта аҳоли скрининг қилинди. Ҳисобга олинмаган беморлар кўп эди. Битта рўйхатдан ўтган беморга ўзининг ташхиси ҳақида билмаган 10та бемор тўғри келади. Кўпгина аҳоли тўғри ёндашув билан соғлиққа асоратсиз буткул бартараф этиш мумкин бўлган “преддиабет” ҳолатида.
"Ўз соғлиғига ғамхўрлик қилиш, аввало инсон зиммасида. Соғлиғига маъсулиятсиз бўлиш бу давлат елкасига қўшимча моддий юк бўлиб тушади. Бугунги кунда сизда қандли диабет бор йўқлигини аниқлаш жуда осон. Бор йўғи қанд миқдорини аниқлашга қон топшириш лозим. Буни исталган оилавий поликлиникада амалга ошириш мумкин. 40 ёшдан ошган ҳар бир инсон қондаги қанд миқдорини мунтазам равишда текшириши лозим”, – деб эндокринолог маслаҳат беради.
1565views0replies
0

Изоҳлар