Излаш
RUUZ

Сиёсат

Шавкат Мирзиёев ўз ташрифини ип ва мато ишлаб чиқарувчи заводдан бошлади

Қашқадарёда Президент корхонадаги ишлаб чиқариш жараёнларини, калава ип ва тайёр мато намуналарини кўздан кечирди.

868views0replies
0

president.uz

Президент Шавкат Мирзиёев 12 ноябрь куни Қашқадарё вилоятига келди.  
Ташрифдан асосий мақсад ҳудудда кўп йиллар давомида йиғилиб қолган муаммолар ечимини топиш, ижтимоий-иқтисодий соҳалар ривожига туртки бериш, шу борадаги янги вазифаларни белгилашдир.
Давлат раҳбари вилоятга сафарини Шаҳрисабз шаҳридаги Oqsaroy Vortex МЧЖда синтетик аралашмали ип ва мато ишлаб чиқариш жараёни билан танишишдан бошлади, дея хабар бермоқда президент Матбуот хизмати.
Бу ерда Oqsaroy Group компанияси таркибига кирувчи Shahrisabz Textile ва Oqsaroy Textile корхоналари ташкил этилган бўлиб, уларда умумий қиймати 54 миллион доллар бўлган 3 та лойиҳани босқичма-босқич амалга ошириш, 1 минг 610 та иш ўрни яратиш, йилига 22 миллион долларлик маҳсулот экспорт қилиш белгиланган эди. 
Биринчи босқичда 2014 йили Миллий банк инвест компаниясидан Oqsaroy Textile корхонасининг 21 миллион долларлик 100 фоиз улуши сотиб олиниб, модернизацияси натижасида бу ерда йилига 9 минг тонна ип калава, 4 минг тонна трикотаж мато ишлаб чиқариш йўлга қўйилди.
Ушбу корхонада 2019 йилда 6 миллион долларлик маҳсулот экспорт қилган бўлса, жорий йилда бу кўрсаткич 8 миллион долларни ташкил этди.
Иккинчи босқичда жорий йилнинг октябрь ойида Oqsaroy Vortex корхонаси ташкил этилиб, сунъий ва табиий толадан калава ип ва трикотаж мато ишлаб чиқариш лойиҳаси ишга туширилди. Лойиҳа қиймати – 15 миллион доллар, йилига 3 минг тонна калава ип, 5,5 минг тонна сунъий толали ип, 3,5 минг тонна трикотаж мато ишлаб чиқариш қувватига эга. Экспорт ҳажми йилига 7 миллион долларни ташкил этади. 
Учинчи босқичда ушбу корхоналар ёнида яна битта тўқимачилик фабрикаси барпо этилиб, калава ип ва трикотаж мато ишлаб чиқаришни кенгайтириш режалаштирилган. Келаси йил ишга тушадиган лойиҳа натижасида 700 та янги иш ўрни яратилади. 
Президент корхонадаги ишлаб чиқариш жараёнларини, калава ип ва тайёр мато намуналарини кўздан кечирди.
Мутасаддиларга Қашқадарё вилоятида тўқимачилик саноатини ривожлантириш, бунда хомашёдан тайёр маҳсулотгача бўлган тизим яратиш, кластерлар фаолиятини таҳлил этиб бориш юзасидан вазифалар берилди.
868views0replies
0

Изоҳлар