Излаш
RUUZ

Жамият

Меҳнат вазирлиги «Ўзбекнефтегаз» хорижий мутахассислар жалб қилиши мумкинлигини айтмоқда. 900га яқин бангладешликнинг барчаси мутахассисми?

Вазирлик президентнинг қарорига кўра, «Ўзбекнефтегаз» буюртмаси асосида хорижий мутахассислар жалб қилиниши мумкинлигини айтмоқда.

891views0replies
0

Иллюстрация / thefinancialexpress.com.bd

Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги «ENTER Engineering Pte. Ltd.» компаниясига Бангладешдан жалб қилинаётган 900 нафарга яқин ишчилар юзасидан баёнот берди.
Вазирликка кўра, Президентнинг 2009 йил 15 октябрдаги ПҚ–1206-сон қарорининг 18-бандида «Ўзбекнефтегаз» АЖ ва «Uzbekistan GTL» масъулияти чекланган жамияти буюртмалари асосида хорижий мутахассисларни ўрнатилган тартибда жалб қилиниши кўзда тутилган.
Шунингдек, Ҳукуматнинг 2019 йил 25 мартдаги 244-сонли қарорига мувофиқ хорижий фуқаролар Ўзбекистон ҳудудида ишлаш учун тасдиқномалар олиши белгиланган.
Ушбу қарор билан тасдиқланган «Ўзбекистон Республикасига хориждан ишчи кучини жалб қилиш ва ундан фойдаланиш тартиби тўғрисида»ги Низомга кўра, ички меҳнат бозорини ҳимоя қилиш ҳамда фуқароларининг меҳнат қилиш ҳуқуқини таъминлаш мақсадида, иш берувчи чет эл фуқаросига Ўзбекистон ҳудудида меҳнат фаолиятини амалга ошириш ҳуқуқини берувчи тасдиқномани олиш мақсадида Ташқи меҳнат миграция агентлигига мурожаат қилиш лозим. 
Лекин шу кунгача «Ўзбекнефтегаз» АЖ, «Uzbekistan GTL» ёки лойиҳа бош пудратчиси, «ENTER Engineering Pte. Ltd.» компанияси мазкур тасдиқномани олиш учун мурожаат қилмаган. 
«Юқоридагилардан келиб чиқиб, «Ўзбекнефтегаз» АЖ ва «ENTER Engineering Pte. Ltd.» компанияси, шунингдек, Ташқи ишлар вазирлигидан Шўртан газ-кимё комплексининг метан тозалаш базасида синтетик суюқ ёқилғи ишлаб чиқариш лойиҳаси учун жалб қилинаётган хорижий иш кучи тўғрисида тегишли маълумотлар сўралган ва ўрганилмоқда.
Шу билан бирга, Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги мазкур лойиҳани амалга ошириш доирасида талаб қилинадиган бўш иш ўринларига маҳаллий ишсиз аҳолини жалб этиш, уларнинг малака даражаси етарли бўлмаганда бепул касбий ўқув курсларини ташкил этиш бўйича ҳамкорликка тайёрлигини билдиради. Мазкур масалани ўрганиш натижалари бўйича қўшимча маълумот берилади», дейилади вазирлик баёнотида.
Шу ўринда савол туғилади: 900га яқин бангладешлик юқорида вазирлик асос қилиб кўрсатаётган Президентнинг 2009 йил 15 октябрдаги “Шўртан газ-кимё комплексининг метан тозалаш базасида синтетик суюқ ёқилғи ишлаб чиқариш” лойиҳасини амалга ошириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги ПҚ-1206-сон қарорининг 18-бандидаги «юқори малакали хорижий мутахассислар»ми?
Президент қарорининг мазкур бандига кўра, «юқори малакали хорижий мутахассислар Ўзбекистон фуқаролари орасида мавжуд бўлмаган» тақдирда жалб қилинади. Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги эса уларга ушбу тартиблардан келиб чиққан ҳолда тегишли тасдиқномани беради.
Эслатиб ўтамиз, жорий йил 21 октябрь куни ENTER Engineering компанияси ишчилари объектлардан бирида ўтказган норозилик намойиши ўтказганди.
Кейинроқ ушбу намойишда фаол бўлган бир гуруҳ ишчиларга нисбатан жиноий иш очилган ва етказилган зарар миқдори 480 млн сўм эканлиги айтилганди.
891views0replies
0

Изоҳлар