Излаш
RUUZ

Жамият

Келгуси йилдан 5 ёшгача бўлган болалар витаминлар ва микро-нутриентлар билан бепул таъминланади

Ушбу дори воситалари ва витаминлар оилавий шифокорлар томонидан бепул тарқатилади.

910views0replies
0

Тошкент вилояти ҳокимлиги

Келгуси йилдан 5 ёшгача бўлган болалар витаминлар ва микро-нутриентлар билан бепул таъминланади.
Бу ҳақда Шавкат Мирзиёев раислигида бўлиб ўтган соғлиқни сақлаш тизимининг бирламчи бўғинини такомиллаштириш ҳамда аҳоли ўртасида соғлом турмуш тарзини шакллантириш чора-тадбирлари бўйича видеоселектор йиғилишида айтиб ўтилди.
Шунингдек, келгуси йил 1 июндан бошлаб:
–  10 ёшгача болалар паразитларга қарши дорилар билан;
–  ҳомиладорлар, эмизикли аёллар ва 15 ёшгача бўлган болалар йод препаратлари билан; 
–  35 ёшгача аёллар фолий кислотаси ва феррум билан бепул таъминланади.
Ушбу дори воситалари ва витаминлар оилавий шифокорлар томонидан бепул тарқатилади.
Президент раислигида ўтаётган йиғилишда бирламчи бўғиннинг камида 50 фоиз иши аҳолини тўғри овқатланиш ва жисмоний тарбияга ўргатиш бўлиши лозимлиги таъкидланди. 
Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти таҳлилига кўра, тиббий даволаш инсон саломатлигини таъминлашнинг 10 фоиз омили, холос. Ирсий омиллар 15 фоиз, атроф-муҳит 20 фоиз ва, энг асосийси, турмуш тарзи 55 фоизни ташкил этади.  
Паст жисмоний фаоллик, меъёрдан кўп, айниқса, кечки пайт овқатланиш оқибатида аҳолининг қарийб 30 фоизида юқори қон босими ва 46 фоизида холестерин миқдори нормадан ортиқ.
60 фоиз ҳолатда коронавируснинг оғир кечиши нотўғри турмуш тарзидан келиб чиққан йўлдош касалликларга боғлиқлигини кўрсатди.
Яъни, соғлом турмуш тарзи – тўғри овқатланиш ва жисмоний фаоллик орқали қанчадан-қанча касалликларни олдини олиш ва инсонлар ҳаётини сақлаб қолиш мумкинлигини барча бирдек тушуниши кераклиги қайд этилди.
«Шу билан бирга, фолий кислотаси ва темир моддаси етишмаслиги 40 фоиз аёлларда кузатилади, 5 ёшгача бўлган болаларнинг 55 фоизида темир моддаси етишмаслиги сабабли камқонлик келиб чиқмоқда. 70 фоиз боғча ва мактаб ёшидаги болаларда ичак паразитар касалликлар мавжуд.
Нотўғри овқатланиш ва носоғлом турмуш тарзи қандай оғир оқибатларни келтириб чиқариши ёшларимизга болаликданоқ ўргатилиши керак», дея таъкидланди йиғилишда.
910views0replies
0

Изоҳлар