Излаш
RUUZ

Жамият

Фарғонада Вебстер университетининг филиалини очиш режалаштирилмоқда

Вебстер университети президенти Жулиян Шустер Фарғонада университет филиалини очиш таклифини билдирган.

622views0replies
0

webster.edu

Фарғона вилояти ҳокимлиги ва Вебстер университети ўртасида ташкил этилган видеомулоқотда мазкур олий таълим муассасасининг филиалини очиш масалалари муҳокама қилинди. Бу ҳақда Фарғона вилояти ҳокимлиги Ахборот хизмати маълум қиқлди.  
Видеомулоқотда Вебстер университети президенти Жулиян Шустер Фарғона вилоятида университет филиалини очиш ҳамда сифатли таълим тизимини амалга ошириш таклифини билдирди. Мулоқотда университетнинг таълим дастурлари, бакалавриат босқичи ва магистратуранинг асосий йўналишлари ҳақида ҳам маълумот берилди.
Шунингдек, вилоят ҳокими ўринбосари М. Абдураҳмонов Фарғонанинг географик жойлашуви, иқтисоди, таълим тизими ҳақида маълумот берди.
– Вилоятимиз олийгоҳлар сони бўйича Республикада Тошкент шаҳридан кейин 2-ўринни эгаллайди, - дейди вилоят ҳокими ўринбосари. – Шу ҳолатда ҳам улар сони йиллик ўқишга топширувчи талабалар сонига нисбатан мутаносиб эмас. Вилоятда асосан IT ва IT муҳандислиги, график дизайн, замонавий дастгоҳлар билан ишловчи малакали мутахассисларга эҳтиёж баланд. Шу боис айнан шу борадаги Вебстер университетининг малакали профессорлари халқаро тажрибасини вилоятимизда қўллаш мақсадга мувофиқ бўлар эди. Вилоят ҳокимлиги университет филиалини ташкил этишда бино, ер майдони ва дастлабки сармоя сифатида маблағ ажратилишида кўмакка тайёр.
Мулоқотда ҳар икки томонни қизиқтирган масалалар ўртага ташланиб, ҳамкорликни йўлга қўйишга келишиб олинди. Филиални очиш бўйича дастур ишлаб чиқилади.
Қайд этилишича, бугунги кунда вилоятда 10 та олий ўқув юрти фаолият кўрсатаётган бўлиб, ўтган даврда Жанубий Корея, Латвия билан ҳамкорликда университетлар ташкил этилган. 
Маълумот учун, Вебстер университети АҚШнинг нуфузли олийгоҳларидан бири бўлиб, унинг кўплаб давлатларда 60 дан ортиқ филиаллари бор. Хусусан, ўтган йил Марказий Осиёдаги филиали - Тошкент шаҳридаги таълим дастурларини амалга ошириш маркази очилди ва бу ерда бакалавриатнинг асосий 14 та таълим йўналишлари ҳамда 16 та магистратура мутахассисликларида кадрлар тайёрлаш йўлга қўйилди.
622views0replies
0

Изоҳлар