Излаш
RUUZ

Жамият

«Илтимос, жуда бўлмаса халақит қилманг!» – Шерматов ҳокимларга мурожаат билан чиқди

Вазир ўқитувчиларни таълимдан ташқари ишларга мажбурий жалб қилишни «нафақат президент сиёсатига хиёнат, балки атайлаб давлат раҳбарини имиджини дискредитация қилишга ҳаракат» деб баҳолашни таклиф қилди.

1137views0replies
0

president.uz

Халқ таълими вазири Facebook’даги саҳифасида жойлардаги ўқитувчиларнинг таълимдан бошқа ишларга жалб қилинаётгани ҳақида пост қолдирди. 
Шерзод Шерматов ўзининг постига Самарқанд вилоятининг Пахтачи, Фарғона вилоятининг Фарғона туманлари ҳамда Андижон ва Наманган шаҳридаги мактаблар ўқитувчиларининг мурожаатлари акс этган суратларни илова қилган.
«Наҳотки баъзи жойлардаги мутасаддилар ўзининг бугунги муаммосини ҳал қиламан деб, Президент сиёсатига хиёнат қилаётганини тушунмаса!
Президентимиз бу йил биринчи бор «Ўқитувчи ва мураббийлар куни» байрамида ўзлари чиқиб табрик сўзи билан мурожаат қилдилар. Таълим-тарбия тизимини яхшилаш бўйича Фармон лойиҳасини тайёрлаш бўйича топшириқ бердилар, кейин яна қўшимча селектор ўтказиб, ҳар бир ҳоким энди камида 30-40 фоиз вақтини мактабга ёрдам беришга қаратсин деб айтдилар ва ҳурматли ҳокимларимиздан бу масалага чин дилдан ёндашишни, кундалик топшириқ сифатида қабул қилмасликни сўрадилар. 
Куни кеча Фармонга имзо қўйишдан олдин яна бир бор таълимни кўтариш муҳимлигини қатъий таъкидладилар.
Бугун эрталабдан эса жойлардан шундай янгиликларни ўқиб турибмиз...
Бундай ҳолатларни, нафақат президент сиёсатига хиёнат, балки атайлаб давлат раҳбарини имиджини дискредитация қилишга ҳаракат деб баҳолаш керак ва ҳар бир бундай ҳолат бўйича жойлардаги мутасаддиларни керак бўлса жиноий жавобгарликка тортишгача олиб бориш зарур деб ҳисоблаймиз.
Ҳурматли ҳокимлар ва сектор раҳбарларидан халқ таълими тизими ходимларини фақат таълим сифати бўйича ишлашларига шароит яратишда ёрдам беришингизни сўраймиз! Ёрдам беришга имкониятингиз бўлмаса, илтимос, жуда бўлмаса халақит қилманг!» деб ёзади Халқ таълими вазири Шерзод Шерматов. 
Шунингдек, вазир пост сўнгида бундай қўшимча ишларга Меҳнат вазирлигидаги алоҳида фонддан маблағ олиб жойлардаги ишсизларни жалб қилиш имкониятини ҳам тахмин қилади.
1137views0replies
0

Изоҳлар