Излаш
RUUZ

Жамият

UzАuto Motors бўйича Бош прокуратурага жўнатилган депутатлик сўровига жавоб 2 ой ўтиб келди

Депутатлар томонидан 21 августда юборилган сўровга ниҳоят жавоб келган.

836views0replies
0

UzNews.uz

UzАuto Motors иши юзасидан Бош прокуратурага жўнатилган депутатлик сўровига жавоб келган. Бу ҳақда депутат Расул Кушербаев маълум қилди.   
Депутатга кўра, мазкур масала юзасидан жорий йилнинг 21 август куни Бош прокурорга юборилган “депутатлик сўрови”га 4 ноябрь куни хабарнома шаклида жавоб хати олинган. 
«Кўпчилик сайловчиларни қизиқтираётган сўров юзасидан шу йилнинг 4 ноябрь куни Бош прокурор ўринбосари имзоси билан хабарнома шаклида жавоб хати олдик», деб ёзади депутат. 
Қайд этилишича, Бош прокуратура томонидан 28 октябрь санаси билан рўйхатдан ўтказилган хабарномада UzАuto Motors АЖда ўтказилган текширишда жиноий ҳодиса юз бермаганлиги сабабли жиноят иши қўзғатиш рад этилганлиги, агар текширишдан норози бўлинса, қарор устидан шикоят қилиш мумкинлиги маълум қилинган.  
Шунингдек, Расул Кушербаев депутатлик сўрови ва унга жавоб беришга оид айрим ҳуқуқий қоидаларни келтириб ўтади. 
Унга кўра, “Парламент назорати тўғрисида”ги Ўзбекистон Қонунининг 15-моддасига мувофиқ давлат органларининг, хўжалик бошқаруви органларининг мансабдор шахслари Қонунчилик палатаси депутатининг, Сенат аъзосининг сўровига, агар бошқа муддат белгиланган бўлмаса, сўров олинган кундан эътиборан ўн кундан кечиктирмай ёзма жавоб юбориши, сўровга жавоб ўз номига сўров юборилган мансабдор шахс ёки унинг вазифаларини вақтинча бажараётган шахс томонидан имзоланиши белгиланган.
Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 193-моддасига мувофиқ, мансабдор шахслар томонидан парламент сўровини, депутат, сенатор сўровини кўриб чиқмасдан қолдириш ёки уларни кўриб чиқиш муддатларини узрли сабабларсиз бузиш ёхуд улар юзасидан била туриб нотўғри маълумотларни қасддан тақдим этиш, мансабдор шахсларга базавий ҳисоблаш миқдорининг уч бараваридан етти бараваригача миқдорда жарима солишга сабаб бўлади.  
Эслатиб ўтамиз, Монополияга қарши курашиш қўмитаси томонидан ўтказилган текширув якунлари бўйича UzАuto Motors АЖда қонунчилик ҳужжатларининг бузилиши, коррупцион ҳолатлар ва истеъмолчиларнинг ҳуқуқларига путур етказиш каби аломатлар кўринаётганлиги сабабли бир гуруҳ депутатлар мазкур масалани Бош прокуратура маҳкамаси томонидан ўрганилиб, ҳуқуқий баҳо берилиши ва жиноят аломатлари бор ёки йўқлиги юзасидан ўз нуқтаи-назарини баён этишни сўраб, жорий йилнинг 21 август куни Бош прокурорга “Депутатлик сўрови” юборилган эди.
836views0replies
0

Изоҳлар