Излаш
RUUZ

Жамият

Ўзбекистонда об-ҳаво прогнози 10 йил олдинги дастурий маҳсулотлар асосида тайёрланмоқда — президент

Шавкат Мирзиёев Ўзбекистонда гидрометеорология хизмати фаолиятини такомиллаштириш бўйича устувор вазифалар муҳокамаси юзасидан йиғилиш ўтказди.

626views0replies
0

president.uz

Ўтказилган йиғилишда йиллар давомида эътибор берилмагани оқибатида Ўзбекистонда бу йўналиш замондан орқада қолиб кетгани айтилди.  
Таъкидланишича, аэрологик кузатув 1995 йилдан буён ўтказилмайди. Бу эса об-ҳаво ҳақидаги маълумотларнинг ишончлилигини пасайтиради. Халқаро стандарт бўйича қаралса, юртимиз ҳудудида 4 мингта станция бўлиши зарур, амалда эса 335 та бор.
Гидрометеорология хизмати марказининг моддий-техник базаси эскирган, иқтисодий рентабеллиги ҳам паст. Хусусан, марказ ўтган 9 ойдаги харажатларнинг атиги 6 фоизини ўз даромадидан қоплаган.
Йиғилишда соҳада хизмат кўрсатишни босқичма-босқич тижоратлаштириш юзасидан тақдимот ўтказилди.
Йиғилишда метеорология хизматининг моддий-техник таъминотидаги камчиликлар атрофлича кўриб чиқилди. Қайд этилишича, 70 та станциянинг атиги 14 таси автоматлашган. Об-ҳаво прогнози ўн йил олдинги дастурий маҳсулотлар асосида тайёрланмоқда. Оқибатда об-ҳаво ва табиий офатлар ҳақидаги маълумотлар кечикмоқда. Тошкент, Самарқанд ва Нукусдаги 3 та метеорологик локатор маълумотлари етарли бўлмаяпти.
Шу туфайли келаси йилларда Бухоро, Навоий, Сурхондарё ва Наманган вилоятларида локаторлар ўрнатиш, барча станцияларни автоматлаштириш, янги станция ва постлар қуриш бўйича топшириқлар берилди. 
Ўзгидромет Жаҳон метеорология ташкилотининг минтақавий маркази ҳисобланади. Давлат раҳбари бу мақомни сақлаб қолиш муҳимлигини таъкидлаб, 2022 йилда Самарқандда захира маълумотларни йиғиш, қайта ишлаш ва сақлаш бўйича минтақавий хаб ташкил қилишга кўрсатма берди.
626views0replies
0

Изоҳлар