Ўзбекистон Президенти Туркиянинг ғарбий ҳудудларида юз берган табиий офат – кучли зилзила оқибатида инсонлар қурбон бўлгани, кўплаб фуқаролар жaроҳат олгани ҳамда катта талафот кўрилгани муносабати билан Туркия Президенти Режеп Таййип Эрдоғанга таъзия йўллади.
Давлатимиз раҳбари ҳалок бўлганларнинг оила аъзоларига чуқур ҳамдардлик изҳор этиб, жароҳатланганлар тез фурсатларда шифо топишини тилади.
Эслатиб ўтамиз, бугун, 30 октябрь куни кундузи маҳаллий вақт билан соат 13:31 (Тошкент вақти билан 16:31)да Туркия ғарбида 6,6 балли зилзила содир бўлди. Зилзила эпимаркази Измир вилоятининг Сеферихисар шаҳри ҳудудига тўғри келган.