Излаш
RUUZ

Иқтисодиёт

Ўзбекистон 2021 йилда $5,5 млрд миқдорида қарз маблағларини жалб қилишни режалаштирмоқда

Ўзбекистон Республикасининг “2021 йил учун Ўзбекистон Республикасининг Давлат бюджети тўғрисида”ги Қонуни лойиҳаси ишлаб чиқилди.

771views0replies
0

UzNews.uz

2021 йилда ҳам Ўзбекистон Республикаси номидан ва унинг кафолати остида 5,5 млрд. АҚШ доллари миқдорида ички ва ташқи қарзларни жалб қилиш режалаштирилмоқда.
Бу ҳақда Молия вазирлигининг Ўзбекистон Республикасининг “2021 йил учун Ўзбекистон Республикасининг Давлат бюджети тўғрисида”ги Қонуни лойиҳасига шарҳида маълум қилинди.
Ҳужжат лойиҳасига кўра, молия йили якуний санаси ҳолатига Ўзбекистон Республикаси номидан ва унинг кафолати остида жалб қилинган давлат қарзи қолдиғининг миқдори жорий йил ялпи ички маҳсулотига нисбатан 60 фоиздан ошмаслиги белгилаб қўйилмоқда.
Бунда, 2021 йилда Ўзбекистон Республикаси номидан ва унинг кафолати остида ички ва ташқи қарзларни жалб қилиш бўйича йиллик имзоланадиган янги битимларнинг чекланган соф ҳажми 5,5 млрд. АҚШ доллари (5 млрд. АҚШ доллари – ташқи, 0,5 млрд. АҚШ доллари – ички қарз), шундан, Давлат бюджети тақчиллигини молиялаштириш учун -2,2 млрд. АҚШ доллари (шу жумладан, ички қарз – 5 трлн. сўм), инвестиция лойиҳаларини молиялаштириш учун – 3,3 млрд. АҚШ доллари миқдорида белгилаш режалаштирилмоқда.
Қайд этилишича, макроиқтисодий сиёсатнинг 2021 йил учун асосий йўналишлари ва кўрсаткичлари келгуси йилда ҳам коронавирус пандемияси давом этиши тахминларидан келиб чиқиб шакллантирилган.
Маълумот учун, Ўзбекистон Республикасининг “2021 йил учун Ўзбекистон Республикасининг Давлат бюджети тўғрисида”ги Қонуни лойиҳаси 18 та модда ва 10 та иловадан иборат.
Эслатиб ўтамиз, 2020 йил бошида Ташқи қарзнинг ЯИМга нисбатан улуши 36% эди.
771views0replies
0

Изоҳлар