Излаш
RUUZ

Жамият

Мардикорлар учун “Mening ishim” буюртмалар биржаси онлайн-майдони яратилади

Янги платформада ўзини ўзи банд қилган фуқаролар ҳам ўз хизматларини жойлаштириши мумкин бўлади.

1029views0replies
0

Иллюстрация / Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги

“Кунлик меҳнат марказлари фаолиятини ташкил этиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги Ҳукумат қарори лойиҳаси муҳокамага қўйилди.  
Унга мувофиқ, Аҳоли бандлигига кўмаклашиш марказлари ҳузурида филиал шаклида фаолият юритаётган Вақтинчалик бир марталик иш билан таъминлаш бюролари Кунлик меҳнат марказлари сифатида қайта ташкил этилади.
Кунлик меҳнат марказларининг асосий вазифалари этиб қуйидагилар белгиланди:
-  вақтинчалик бир марталик ишларга ёлланишда рўйхатга олинган фуқароларга хизматлар кўрсатиш;
-  вақтинчалик бир марталик ишларни бажариш учун рўйхатга олинган фуқароларни ишга ёллашда иш берувчи жисмоний ва юридик шахсларга хизматлар кўрсатиш, жумладан, буюртмалар олиш;
-  вақтинчалик бир марталик ишларни бажарувчи фуқароларни ўзини ўзи банд қилган сифатида рўйхатдан ўтиши ва электрон (қоғоз) шаклдаги маълумотнома олишига шарт-шароит яратиш;
-  вақтинчалик бир марталик иш изловчи фуқароларни корхона ва ташкилотлардаги бўш (вакант) иш ўринлари билан мунтазам таништириб бориш ва доимий ишга жойлашишларига кўмаклашиш ва ҳкз.
Шунингдек, Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги ва Ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазирлигига 6 ой муддатда “Mening ishim” буюртмалар биржаси онлайн-майдонини ишга тушуриш вазифаси топширилган.
Ушбу платформада қуйидаги имкониятлар яратилади:
-  ўзини ўзи банд қилган фуқароларнинг фаолият турлари (хизматлари, ишлари) тўғрисида маълумотларни олиш;
-  ўзини ўзи банд қилган фуқароларнинг фаолият турларига (хизматларига, ишларига) эҳтиёжи бор буюртма берувчи (жисмоний ва юридик шахс)лар тўғрисида маълумотларни олиш;
-  ўзини ўзи банд қилган фуқароларнинг фаолият турлари (хизматлари, ишлари)ни реклама қилиш;
-  ўзини ўзи банд қилган фуқаролар ва уларнинг хизматига эҳтиёжи бор корхоналар ўртасида кунлик ва узоқ муддатли оферта шартномаси тузиш;
-  кўрсатилган хизматлар (ишлар) сифатини баҳолаш ва иш берувчилар томонидан фикр-мулоҳазалар қолдириш имкониятини яратиш;
Бундан ташқари, бир марталик ишлар тўғрисидаги кунлик маълумотлар ва ўзини ўзи банд қилган фуқароларнинг фаолият турлари (хизматлари, ишлари) тўғрисидаги эълонлар “Mening ishim” буюртмалар биржаси онлайн майдони орқали бепул тақдим этиб борилади.
Белгиланишича, Кунлик меҳнат маркази ҳузурида овқатланиш шохобчалари ташкил этилади ва иш изловчи фуқаролар учун бошқа зарур ижтимоий-маиший шарт-шароитлар яратилиши таъминланади.
Муҳокама лойиҳаси 11 ноябрга қадар давом этади.
Эслатиб ўтамиз, бир марталик ишларга ёлланмоқчи бўлганлар учун JobCafe мобил иловаси яратилган эди.
1029views0replies
0

Изоҳлар