Жамият

Жорий йилда ходимларни обрўсизлантиришга қаратилган 1,5 мингга яқин маълумот тарқатилган – ИИВ

Ушбу маълумотларнинг деярли 60 фоизи чет элда рўйхатдан ўтган аккаунтлар орқали чиқарилгани маълум бўлган. 

Жорий йилда ходимларни обрўсизлантиришга қаратилган 1,5 мингга яқин маълумот тарқатилган – ИИВ
Фото:Скриншот

Ички ишлар вазирининг матбуот котиби Шоҳрух Ғиёсов журналист ва блогерларга мурожаат билан чиқди.  

 

Вазирлик матбуот котибининг ёзишича, сўнгги вақтларда ижтимоий тармоқларда ички ишлар органлари ходимларининг хизмат фаолияти билан боғлиқ кўплаб тасвирлар ва мақолалар жойлаштирилмоқда. Ижобий видеолавҳалар билан бирга, афсуски ходимлар томонидан йўл қўйилган салбий ҳолатлар, хато ва камчиликлар тасвирланган контент ҳам мавжуд. Мазкур очиқлик ўз ўрнида ходимларнинг жамоатчилик назоратида эканлигини уқтириш билан бирга, хизматдаги камчиликларини аниқлаб, бартараф этишга ҳамда тизимни номуносиб ходимлардан тозалашга ёрдам бермоқда.

 

«Лекин, шу билан бирга айрим ҳолатларда ходимларнинг ҳаракатлари ортидан пиар қилиш, ҳақиқатдан йироқ бўлган баёнотлар орқали уларни обрўсизлантиришга уриниш, ички ишлар органлари ходимларига нисбатан бўлган шахсий адоватни ижтимоий тармоқлар майдонига чиқариш каби носоғлом тенденция ҳам кузатилмоқда. Бунинг энг ёмон томони, ўз бурчини садоқат билан бажараётган ходимларнинг кайфиятига салбий таъсир кўрсатишидир», деб ёзади Шоҳруҳ Ғиёсов.

 

Қайд этилиишча, жорий йилнинг ўзида, ижтимоий тармоқларда ички ишлар органлари ходимларини обрўсизлантиришга қаратилган 1470 дан ошиқ маълумотлар тарқатилганлиги аниқланган. Ушбу хабарларнинг деярли 60 фоизи чет элда рўйхатдан ўтган аккаунтлар орқали чиқарилгани маълум бўлган. 

 

«Маълум қиламизки, ҳозирги вақтда Ички ишлар вазирлиги ҳеч қачон бўлмаганидек очиқликни, шаффофликни ҳамда оммавий ахборот воситалари билан ҳамкорликни намойиш этиб келмоқда. Ички ишлар органларининг бирорта соҳаси йўқки журналистлар ёки ижтимоий тармоқ юритувчиларининг ҳамкорлигини рад этган бўлса. Соҳа ахборот хизматлари ўз фаолиятини нафақат вазирликнинг марказий аппарати, балки жойлардаги барча органларда олиб бормоқдалар», дейилади мурожаатда.

 

Шунингдек, Ички ишлар вазирлигининг ахборот хизмати журналистлар, блогерлар ва ижтимоий тармоқ юритувчиларини соғлом ва конструктив ҳамкорликка чақиришини, соҳадаги ўзгаришлар, ижобий ишлар билан шахсан танишишларига имконият яратиб берилишини маълум қилмоқда.

 

«Жавобан эса, ички ишлар органлари билан боғлиқ ҳар қандай ахборот ёки танқидий баёнот субъективизмдан йироқ бўлишини ҳамда холисликни акс эттиришини сўрайди», дейди ИИВ Матбуот хизмати раҳбари.

изоҳлар
Мавзу бўйича қизиқарли ва маъноли фикрлар қабул қилинади.
ПОХОЖИЕ ПУБЛИКАЦИИ
ГОРЯЧИЕ
ПОПУЛЯРНЫЕ
ИНТЕРЕСНЫЕ
СИЗДА ЯНГИЛИК БОРМИ? БИЗ БИЛАН БЎЛИШИНГ
ЯНГИЛИК ЮБОРИШ
ЯНГИЛИКЛАР ЛЕНТАCИ
ОММАВИЙ
ДОЛЗАРБ
ҚИЗИҚАРЛИ