Излаш
RUUZ

Сиёсат

Ўзбекистонда Қуролли Кучлар Ҳарбий тиббиёт академияси ташкил этилади – президент қарори

Академиянинг бакалавриатини тамомлаган курсантларга дастлабки “тиббий хизмат лейтенанти” ҳарбий унвони ва “ҳарбий врач” мутахассислигини берадиган давлат намунасидаги диплом берилади.

1296views0replies
0

president.uz

Тошкент тиббиёт академияси ҳузуридаги Ҳарбий-тиббиёт факультети негизида Ўзбекистон Республикаси Қуролли Кучлари Ҳарбий тиббиёт академияси ташкил этилади.
Бу ҳақда Ўзбекистон Президенти имзолаган «Ҳарбий тиббиёт соҳасида кадрларни тайёрлашнинг сифат жиҳатидан янги тизимини ташкил этиш чора-тадбирлари тўғрисида»ги қарорида белгилаб берилди.  
Давлат олий ҳарбий таълим муассасаси ҳисобланган Академия юқори малакали офицер кадрлар тайёрлаш тизимини сифат жиҳатидан янги босқичга кўтариш, улар учун узлуксиз, босқичма-босқич ва мақсадли ўқитиш тизимини яратиш ҳамда ҳарбий-тиббий соҳада таълим, фан ва амалиёт уйғунлигини таъминлаш мақсадида ташкил этилмоқда.
Қарор матни билан шундай тартиб ўрнатиладики, унга мувофиқ:
–  Академияда таҳсил олиш учун 2021/2022 ўқув йилидан бошлаб номзодлар Ўзбекистон Республикаси олий тиббий таълим муассасалари даволаш факультетларининг бешинчи босқичини ва тиббий-профилактика факультетларининг тўртинчи босқичини тамомлаган, ўқиш якунлари бўйича энг юқори натижаларни кўрсатган, ўқишини Ҳарбий тиббиёт академиясида давом эттириш ва келгусида контракт бўйича ҳарбий хизматни ўташ истагини билдирган, шунингдек, соғлиғининг ҳолатига кўра ҳарбий хизматга яроқли бўлган талабалар орасидан Ўзбекистон Республикаси Мудофаа вазирлиги томонидан танлаб олинади;
–  Академияда курсантларнинг мажбурий икки йиллик ўқиши икки босқичли ҳарбий тиббиёт ўқув дастури асосида: биринчи йил – бакалавриатда, иккинчи йил – Ўзбекистон Республикаси Қуролли Кучлари учун зарур бўлган мутахассисликлар бўйича ҳарбий интернатурада амалга оширилади;
–  Академиянинг бакалавриат босқичини тамомлаган курсантларга дастлабки “тиббий хизмат лейтенанти” ҳарбий унвони ва “ҳарбий врач” мутахассислигини берадиган давлат намунасидаги диплом ҳамда ҳарбий интернатурани тамомлагач, навбатдаги “тиббий хизмат катта лейтенанти” ҳарбий унвони ва тегишли мутахассислик берилганлиги тўғрисида белгиланган намунадаги гувоҳнома берилади;
–  Академиянинг ҳарбий тиббиёт ўқув дастури асосида таълим олган битирувчиларнинг Ўзбекистон олий тиббий таълим муассасалари даволаш ва тиббий-профилактика факультетларидаги ўқиши Академиядаги ўқишга тенглаштирилади;
–  тиббиёт соҳасидаги тор мутахассисликлар бўйича тиббиёт кадрлари Академиянинг клиник ординатура ва магистратурасида, илмий-педагогик кадрлар эса унинг докторантурасида тайёрланади;
– Ўзбекистон Мудофаа вазирлиги Марказий ҳарбий клиник госпитали Академиянинг ўқув ва клиник базаси, шунингдек, асосий таъминот маркази ҳисобланади.
1296views0replies
0

Изоҳлар