Излаш
RUUZ

Сиёсат

Марказий Осиё давлатларининг учинчи маслаҳат учрашуви кейинги йилга қолдирилди

Ўзбекистон томони 3-маслаҳат учрашуви Туркманистонда бўлиб ўтишини тўлиқ қўллаб-қувватлашини билдирди.

973views0replies
0

president.uz

Марказий Осиё давлатларининг учинчи маслаҳат учрашуви коронавирус пандемияси сабабли 2021 йилга қолдирилган. Бу ҳақда Ўзбекистон ТИВ раҳбари Абдулазиз Комилов маълум қилди.
"Янги Ўзбекистон" газетасига берган интервьюсида ТИВ раҳбари учинчи учрашув Туркманистонда ўтказилиши, буни туркман томон таклиф қилганини айтиб ўтган. Қирғизистондаги ҳолат ҳам бунга сабаб бўлиши мумкин.
–  Қозоғистон Республикаси, Тожикистон Республикаси, Туркманистон ва Ўзбекистон Республикаси давлат раҳбарларининг Қирғиз Республикасидаги воқеалар юзасидан қўшма баёноти ушбу масалалардаги якдилликка ёрқин мисол бўлди. Унда “Қирғизистоннинг равнақи минтақавий хавфсизлик ва бутун Марказий Осиё барқарор ривожланишининг муҳим омили” экани яна бир бор таъкидланди. Минтақа давлатлари раҳбарлари, шунингдек, “Марказий Осиё бирдамлигини янада мустаҳкамлаш йўлидан борар эканмиз, биз Қирғизистон халқини унинг ҳамжиҳатлик, тинч, мустақил тараққиёт ва фаровонлик борасидаги интилишида доимо қўллаб-қувватлаймиз, деб қайд этдилар.
Шу муносабат билан Туркманистон умумминтақавий манфаатлардан келиб чиққан ҳолда келгуси йил минтақа давлатлари раҳбарларининг Маслаҳат учрашувини меҳмондўст туркман заминида ўтказишни таклиф қилмоқда. Саммит дастурига қатор муҳим иқтисодий ва маданий тадбирларни киритиш ҳам таклиф қилинди, - деди Ўзбекистон ТИВ раҳбари.
Абдулазиз Комилов шунингдек, Ўзбекистон томони Маслаҳат кенгашининг ҳамраиси сифатида Туркманистоннинг ушбу таклифини тўлиқ қўллаб-қувватлашини ва навбатдаги Маслаҳат учрашуви кенг ва сермазмун дастур асосида ўтишига умид қилишини билдириб ўтди.
–  Туркманистондаги саммитдан сўнг қирғиз дўстларимизнинг Маслаҳат учрашувини Бишкекда ташкил этиш бўйича таклифига яна қайтишимиз мумкин, - дейди у.
Анъанага кўра, Марказий Осиё давлатларининг  учинчи маслаҳат учрашуви бу йил Қирғизистон пойтахти Бишкек шаҳрида бўлиб ўтиши керак эди.
973views0replies
0

Изоҳлар