Излаш
RUUZ

Жамият

Маҳалла раислари уларни қандай муаммо қийнаётганини айтишди

Маҳалла тизими ходимлари кўпроқ вазифасига кирмайдиган топшириқлар билан банд бўлиши маълум бўлди.

931views0replies
0

Иллюстрация / t.me/mahallavaoilainfo

“Маҳалла” газетасининг 36-сонида “Маҳалла раисларини қандай муаммо қийнамоқда” сарлавҳали мақола чоп этилди. Унда ушбу соҳа вакилларининг фаолиятидаги мавжуд муаммолар таҳлил қилинган.
Газета ўтказган сўровнома натижаларига кўра, маҳалла тизими ходимлари кўпроқ вазифасига кирмайдиган топшириқлар билан банд бўлмоқда. Табиийки, бу лавозим мажбуриятларини бажара олмаслигига олиб келяпти. Мисол учун, мавзу доирасида олиб борган ўрганишлардан аниқланишича, маҳалла ходимлари солиқ ва бошқа йиғимларни йиғишга мажбурланаётгани ҳам ҳақли эътирозларга сабаб бўлмоқда.
Қайд этилишича, Вазирлар Маҳкамасининг “Фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари фаолиятини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори билан маҳалла фуқаролар йиғини раислари аҳолидан солиқлар ва бошқа мажбурий тўловларнинг ўз вақтида тушишига кўмаклашиши белгиланган. Аммо амалда маҳалла ходими учун бу иш мажбуриятга айланиб қолган. Аксарият ходимларнинг фикрича, ҳудудларда маҳаллалардан ҳар куни аҳолидан солиқ ва бошқа тўловларни йиғишда аниқ сумма белгиланган. Агар шу “план”ни бажара олмаса, раис айбдор бўлади. 
Шунингдек, сўровлар орқали маълум бўлишича, маҳалла фуқаролар йиғинлари ходимлари кўпроқ қоғозбозлик билан банд бўлиб қоляпти. 
— Йиғин ходимлари ўз вазифасини бажаришга улгуролмаяпти, - дейди Ҳазорасп туманидаги “Шовот” МФЙ раисининг кексалар ва фахрийлар ишлари бўйича маслаҳатчиси Бахтиёр Рўзметов. — Чунки маҳалла ходимларига ўз фаолиятидан ташқари маҳаллий ҳокимликлар томонидан ҳам турли топшириқлар берилиб, ёзма ҳисоботлар сўралмоқда. Шу боис аҳоли билан учрашиб, уларнинг мурожаатларига ижобий ечим топишга вақт қолмаяпти. 
Тизим ходимлари ўртасида баҳсга сабаб бўлаётган жиҳат — маҳалладан масъул котиб штатини олиб ташлангани бўлди. Бир гуруҳ раислар бунинг ортидан топшириқлар бажариш, мажлисларда қатнашиш, уйма-уй юриш билан бирга, идорада ўтириб фуқароларни қабул қилиш учун қийналаётганини айтса, иккинчи томон аксинча фикрда.
— Маҳаллада котиб бўлса, кириш ва чиқиш ҳужжатлари билан шуғулланарди, — дейди Уйчи туманидаги “Овчибулоқ” МФЙ раиси Умиджон Султонов. — Ўринбосарлар эса ўзига юклатилган вазифаларни бажарарди. Фикримча, ижро интизомини бажарилишига раҳбардан кейин масъул котибларда жавобгарлик катта бўлади. 
— Маҳаллага котиб штатини қайтариш таклифига эътирозим бор, — дейди Қўнғирот туманидаги “Таракли” МФЙ раисининг оила, хотин-қизлар ва ижтимоий-маънавий масалалар бўйича ўринбосари Марал Каримова. — Ҳеч қандай масъул котиб штати керак эмас. Ахир, шундоқ ҳам раиснинг иккита ўринбосари бор. Аслида шуларга яхши шароит яратилса, бас. Мисол учун, иккита ўринбосарнинг ойлик маошини яна ошириш лозим. Айтайлик, маош 2 млн сўмдан ошса, ҳамма ишни қойиллатиб қилади. Шундоқ ҳам кунни-кун, тунни-тун демай ишлаяпти улар.
Олиб борилган ислоҳотлар натижасида маҳалла тизими ходимлари ойлик маоши сезиларли даражада ошди. Аммо аксарият мутахассислар фикрича, барибир маҳалла фуқаролар йиғини раиси, ўринбосарларнинг ойлик маоши иш кўламига нисбатан оз. Чунки улар, асосан, кўчада юради. Ойлик маоши шу харажатларига ҳам етмайди. Бунинг оқибатида турли коррупцион ҳолатлар содир бўлмоқда. 
Шунингдек, раис ва ўринбосарлар шанба, якшанба кунлари ҳам ишлашга мажбур. Аммо бунинг учун иш ҳақи ҳисобланмайди. Яна бир оғриқли нуқта маҳалла фуқаролар йиғинларидан чиқадиган хатларга юқори органлар деярли жавоб қайтармайди. 
Коммунал харажатлари ҳам аросатда қолган. Масалан, фойдаланилган электр энергияси ва бошқа тўловларни маҳалла раислари ўз ёнидан тўлайди. Бу ҳам уларга муаммо бўлмоқда. Айнан шунинг ортидан яна муаммо келиб чиқмоқда. Яъни коммунал тўловдан қарздор маҳалла фуқаролар йиғини ҳисоб-рақамига тақиқ қўйилмоқда.
931views0replies
0

Изоҳлар