Излаш
RUUZ

Жамият

Ўзбекистонда 80 йилдан бери “свет”ни кутаётган қишлоқ борлиги аниқланди

Уларнинг бир неча йиллардан бери қилаётган мурожаатлари мутасадди ташкилотлар томонидан қондирилмасдан келинмоқда.

983views0replies
0

ЎзА

Сурхондарё вилоятининг Сариосиё туманидаги чекка қишлоқда шу замонда ҳам цивилизациядан узилган қўналғаларда одамлар яшаётганини кўришингиз мумкин, деб ёзмоқда ЎзА мухбири Анора Содиқова.
Маълум бўлишича, “Шабнам” маҳалласи, “Вочах тоғ” қишлоғи фуқаролари бир неча йилдан буён Сариосиё тумани, Сурхондарё вилояти ҳокимлиги, “Ҳудудий электр тармоқлари” АЖ, Халқ қабулхоналарига мурожаат қилиб, қишлоғини электр билан таъминлашни сўраб келади. Уларнинг сўнгги мурожаатларини эса ҳокимликдаги мутасаддилар ношукрлик, ҳоким ва мутасаддиларнинг юзига қум сепиш, деб баҳолашган. 
"Вочах" аҳолиси 2014 йилдан буён турли идораларга электр тармоғи ўтказилишини сўраб мурожаат қилиб келишади. Хатлар ҳатто Олий Мажлис Омбудсманигача оширилган, бироқ масала ҳал бўлмай, тегишли идоралардан турли баҳоналар “ижод” қилинган жавоб хатлари келаверган.
ЎзА мухбирлари аниқлашича, мутасаддилар қишлоқни Сариосиё марказидан 90 километр узоқликда деб баҳона қилишгани ҳақиқатга тўғри келмади. “Вочах” қишлоғи туман марказидан 58 километр узоқликда жойлашган. Яна мутасаддиларнинг қишлоқни электр билан таъминлаш учун 65-70 километр наридан сим тортиб келиш керак, деган важлари ҳам ёлғон бўлиб чиқди. 
Аниқланишича, “Вочах тоғ" қишлоғидан 6 километр нарида бўлган “Карш” аҳолиси электр тармоғига уланган. 
Мутасаддиларнинг қишлоқ аҳли ўзбошимчалик билан тоғлар орасига кўчиб борган, у ерларда аввал одамлар яшамаган деган гаплари ҳам уйдирма бўлиб чиққан. 
“Қишлоқ салкам беш юз йиллик тарих, қадимги масжид, авлиёлар ўтган қадамжолар ва қазилма топилмаларга эга эканлигига гувоҳ бўлдик”, - деб ёзади мухбир.
Таъкидланишича, 2016 йилда президент томонидан “Шабнам” маҳалласи “Вочах тоғ” қишлоғи оилаларига 14 та, мактабга 4 та қуёшдан энергия олувчи кичик батарейкалар топширилган. Қурби етган батарейкаларга ишониб, телевизор сотиб олган. Аммо, 3, 4 ой ўтгач, батарейкалар қуввати тугаб, яроқсиз ҳолга келган ва яна одамлар қоронғиликда қолиб кетган.
983views0replies
0

Изоҳлар