Излаш
RUUZ

Жамият

Мактабларни тезкор интернетга улаш учун бюджетдан 100 миллиард сўм йўналтирилади – президент

Президент иштирокидаги йиғилишда пандемия шароитида ижтимоий соҳага ажратиладиган харажатлар жорий йилга нисбатан камида 15 фоизга оширилиши маълум қилинди.

927views0replies
0

UzNews.uz

Президент Шавкат Мирзиёев раислигида 2021 йилга мўлжалланган давлат бюджети параметрлари муҳокамасига бағишланган видеоселектор йиғилиши ўтказилди.
Йиғилишда давлат раҳбари келгуси йилги бюджетни режалаштиришда пандемиянинг давом этиши, жаҳондаги иқтисодий фаоллик пасайишини инобатга олиш кераклигини таъкидлади.
Қайд этилишича, пандемия шароитида ижтимоий соҳага ажратиладиган харажатлар жорий йилга нисбатан камида 15 фоизга оширилиши режалаштирилмоқда. Жумладан, кейинги йилда мактабгача таълим қамрови даражасини 70 фоизга, бунда хусусий сектор улушини 25 фоизга етказиш мақсад қилинган. Халқ таълим вазирлигига бюджетдан ажратмалар 16 фоизга оширилади. Мактабларни тезкор интернетга улаш бўйича биринчи марта бюджетдан 100 миллиард сўм, жиҳозлашга 200 миллиард сўм йўналтириш назарда тутилмоқда.
Бундан ташқари, илм-фанни ривожлантириш концепцияси доирасида келгуси йили инновацион ривожлантириш ва новаторлик ғояларини қўллаб-қувватлаш жамғармасига бюджетдан 2 баравар кўп маблағ ёки 100 миллиард сўм ажратилади.
Соғлиқни сақлаш соҳасига қарийб 20 триллион сўм, шундан коронавирусга қарши курашиш тадбирлари учун 3 триллион сўм ҳамда дори-дармон харидига 1,8 триллион сўм белгиланиши кўзда тутилган.
Илк бора онкогематологияга қарийб 90 миллиард сўм ажратилмоқда. Шунингдек, тамаки савдосидан олинган акциз солиғининг 7 фоизи Онкогематологик ва даволаш қийин бўлган касалликларга чалинган беморларни соғломлаштиришга кўмаклашиш жамғармасига ўтказиб берилади. Шу билан бирга, келгуси йилда биринчи марта гемодиализга муҳтож касалларга тиббий хизматлар кўрсатиш қамровини 100 фоизга етказиш учун 130 миллиард сўм йўналтирилади.
Яқинда Ўзбекистон “Speedtest Global Index” мобил алоқа интернет тезлиги жаҳон рейтингида 2 та поғонага кўтарилиб, 125-ўринга чиқиб олганди.
Аниқланган интернет тезлиги бўйича Ўзбекистон ҳозирги кунда 174 та давлат ичида 4 поғона пастлаб, 29,80 Мбит/с билан 97-ўрингача тушиб кетганди.
927views0replies
0

Изоҳлар