Излаш
RUUZ

Иқтисодиёт

Аҳолининг табиий газга бўлган эҳтиёжини тўлиқ қоплаш орқали қўшимча даромад олиш мумкинлиги айтилди

Президент Шавкат Мирзиёев бюджет харажатларига оид видеоселектор йиғилишини ўтказди.

1102views0replies
0

president.uz

Бугун Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев раислигида 2021 йилга мўлжалланган давлат бюджети параметрлари муҳокамасига бағишланган видеоселектор йиғилиши ўтказилди.
Коронавирус пандемияси кўпгина режаларга жиддий таъсир кўрсатди. Лекин қабул қилинган қарорлар ва ўз вақтида кўрилган чоралар натижасида жорий йилги бюджет параметлари ижроси таъминланмоқда. Бу эса пандемия оқибатларини бартараф этишга 13,4 триллион сўм маблағ йўналтиришга имкон берди.
Давлат раҳбари келгуси йилги бюджетни режалаштиришда пандемиянинг давом этиши, жаҳондаги иқтисодий фаоллик пасайишини инобатга олиш кераклигини таъкидлади.
Йиғилишда макроиқтисодий барқарорлик ва белгиланган бюджет тушумларини тўлиқ таъминлаш чора-тадбирлари муҳокама қилинди. Бунинг учун 2021 йили иқтисодиётда камида 5,1 фоиз, жумладан, саноатда 5,8 фоиз, хизматлар ва қурилишда 6,5 фоиздан ўсишга эришиш керак бўлади. Инфляция даражаси ва бюджет дефицитини прогноз кўрсаткичларидан оширмаслик ҳам муҳим.
Мутасаддиларга ушбу вазифалар бўйича топшириқлар берилди. Яширин иқтисодиётни қисқартириш ҳамда 600 минг иш ўрнини легаллаштириш, 53 та идоранинг маълумотлар базасини интеграция қилиш, маркировка қўлланиладиган маҳсулотлар турини кенгайтириш ҳисобига бюджетга қўшимча маблағлар тушириш мумкинлиги айтиб ўтилди.
Йирик корхоналарда ишлаб чиқаришни кўпайтириш ҳам режалаштирилмоқда. Мисол учун, иқтисодиёт тармоқлари ва аҳолининг табиий газга бўлган эҳтиёжини тўлиқ қоплаш ҳамда ҳисоб-китобни тўғри йўлга қўйиш орқали акциз солиғидан қўшимча 500 миллиард сўм маблағ тушириш имкони мавжуд. Шу билан бирга, электр энергияси билан ички бозордаги эҳтиёжни узлуксиз таъминлаш ҳисобига қўшилган қиймат солиғидан қўшимча 250 миллиард сўм бюджетга даромад тушиши кутилмоқда.
Энергетика вазирлигига шу бўйича кўрсатмалар берилди. Транспорт вазирлигига кейинги йили қатновларни тиклаш, янги маршрутларни очиш ҳисобига бюджетга тушумларни 2019 йилдаги кўрсаткичларга етказиш вазифаси қўйилди.
1102views0replies
0

Изоҳлар