Излаш
RUUZ

Жамият

Умумтаълим мактабларида инклюзив таълим жорий қилинади

Ўзбекистонда 2020-2025 йилларда халқ таълими тизимида инклюзив таълимни ривожлантириш концепцияси тасдиқланди. 

1638views0replies
0

ЎзА

“Алоҳида таълим эҳтиёжлари бўлган болаларга таълим-тарбия бериш тизимини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги президент қарори қабул қилинди.  
Унга мувофиқ, 2020-2025 йилларда халқ таълими тизимида инклюзив таълимни ривожлантириш концепцияси ва уни 2020-2021 йилларда амалга ошириш бўйича "йўл харитаси" тасдиқланди.
Қарорга кўра, 2021/2022 ўқув йилида тажриба-синов тариқасида:
– шаҳарларда ва Тошкент шаҳрининг туманларида жойлашган биттадан мактабларда инклюзив таълим жорий қилинади;
– Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳрида жойлашган биттадан мактабда алоҳида таълим эҳтиёжлари бўлган болалар учун бошланғич таянч коррекцион синфлар очилади;
– Қашқадарё, Фарғона ва Хоразм вилоятларида жойлашган биттадан касб-ҳунар мактабида ихтисослаштирилган таълим муассасаларининг 9-синф битирувчилари ҳамда алоҳида таълим эҳтиёжлари бўлган болалар учун ихтисослаштирилган гуруҳлар ташкил этилади.
Шунингдек, 2021/2022 ўқув йилидан:
–  ихтисослаштирилган таълим муассасаларида мажбурий ўрта таълим 11 йиллик (интеллектуал ривожланишида нуқсонлари бўлган болалар учун (ёрдамчи) мактаблар, мактаб-интернатларда 9 йиллик) муддатда амалга оширилади;
–  ихтисослаштирилган таълим муассасаларининг 10-11 синф (интеллектуал ривожланишида нуқсонлари бўлган болалар учун (ёрдамчи) мактаблар, мактаб-интернатларда 8-9 синф) ўқувчилари учун касбга ўқитиш курслари ташкил этилади ва битирувчиларга сертификат берилади.
–  2021 йил 1 январдан ихтисослаштирилган таълим муассасаларининг раҳбар ходимларига меҳнатнинг алоҳида шароитлари учун ҳар ойда тўланадиган устама ҳақи базавий тариф ставкасининг 100 фоизи миқдорида тўланади.
Қарор билан Ўқувчиларни касб-ҳунарга йўналтириш ва психологик-педагогик республика ташхис маркази қошида унинг белгиланган штат бирликлари доирасида “Инклюзив таълим лабораторияси” ташкил этилади.
Мазкур лабораториянинг асосий вазифаларидан бири мактабларда инклюзив таълим учун шарт-шароитлар яратиш, инклюзив таълим беришнинг сифати ва самарадорлигини аниқлаш мезонларини ишлаб чиқиш ҳамда уларнинг бажарилишини назорат қилиш ҳисобланади.
1638views0replies
0

Изоҳлар