Излаш
RUUZ

Жамият

“Биринчи меҳмоним президент бўлди” – Сирдарёдаги сув тошқинидан жабр кўрганлар янги уйларига кўчиб киришмоқда

Шавкат Мирзиёев Сирдарё вилояти Мирзаобод туманида қуриб битказилган кўп қаватли янги уйларнинг очилишида қатнашди.

1718views0replies
0

president.uz

Бугун, 13 октябрь куни Президент Шавкат Мирзиёев Сирдарё вилоятига, хусусан вилоятнинг жорий йил май ойидаги сув тошқинидан зарар кўрган аҳоли пунктлари – Сардоба, Мирзаобод ва Оқолтин туманларида бажарилган ишлар, аҳоли учун яратилаётган шарт-шароитлар билан танишиш учун келди.
Давлат раҳбари дастлаб сафарини Мирзаобод тумани “Янги Ўзбекистон” маҳалласида янгидан қурилган 40 та 5 қаватли жами 800 хонадонли  уй-жойлар билан танишишдан бошлади.
Мирзаобод туманининг “Ҳақиқат” маҳалласи ҳудудида Оқолтин туманининг “Шодлик”, “Саҳоват”, “Аҳиллик” ва Мирзаобод туманининг “Дўнгариқ”, “Мирзачўл”, “Ҳақиқат” маҳалларида уйлари яроқсиз ҳолга келган хонадон эгалари учун пудратчи “White City Construction” МЧЖ томонидан 40 та, 800 та хонадонли кўп қаватли уй-жойлар қуриб битказилди. 
–  Авваламбор, биз бу ерни лойиҳалаштираётганимизда маҳаллий аҳолининг эҳтиёжларини ўргандик. Шу асосида турк мутахассислари билан лойиҳалаштирилган. Уйлар ёзда салқин, қишда иссиқ бўлиши учун 7 сантиметрли махсус материаллардан фойдаланганмиз. Шунингдек, қурилишда ернинг зичлигини ошириш системаси – яъни, бетон қозиқлардан фойдаланганмиз. Бу эса уйларимизнинг узоқ вақт халққа хизмат қилади, деганидир, - дейди “White City Construction” МЧЖ раҳбари Исмоил Исроилов.
МЧЖ раҳбаридан 5 ойдаёқ қуриб битказилган ушбу уйларнинг хавфсизлиги ҳақида сўрадик. Унинг айтишича, уйларнинг сейсмологияси 9+ талабига жавоб беради. Яъни уйлар сув тошқинидан ташқари зилзилага ҳам бардош беради. 
–  Уйларнинг тез фурсатда қуриб битказилгани уларнинг сифатига таъсир кўрсатмаган, - дейди у.
Шу билан бирга ушбу кўп қаватли уйларнинг ҳар қавати ҳамда ертўласида аҳолининг зарур ускуналарини сақлашлари учун омборхоналар ажратилган.
Мазкур объектда коммуникация тармоқларидан – электр энергия, табиий газ, ичимлик ва оқова сув таъминоти ҳамда кириш йўллари мавжуд.
Шунингдек, 1 та маҳалла гузари, 6 та болалар майдончаси ва 1 та йўл қоидаси ўқув майдончаси каби маданий ҳордиқ объектлари фойдаланишга топширилди.
Кўп қаватли уйлардаги хонадон сохибларидан бири 2 фарзанднинг отаси Ғофуржон Усупалиев бугун унга ажратилган хонадоннинг калитини қўлига олди. Шунингдек, бугун унинг уйига илк меҳмон – Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев ташриф буюрди.
–  Биринчи меҳмонимиз давлат раҳбари бўлди – бу катта бахт, - дейди Ғофуржон ака. – Аввал “Саховат” маҳалласида яшар эдик. Тошқиндан сўнг ижарама-ижара 5 та жойга кўчиб юрдик, бу кунларни эслашнинг ўзи азоб. 
Ўзим механизаторман, турмуш ўртоғим ҳамшира бўлиб ишлайди. Эски маҳалламизда болалар учун кўп вақт ажратолмас, шунингдек, уларнинг вақтини чоғ ўтказадиган турли кўнгилочар майдончалар ҳам йўқ эди. Энди эса янги уйимизнинг олдида болалар майдончаларидан тортиб кутубхонагача – барчаси муҳайё.    
Ғофуржон Усупалиев илк меҳмони билан бўлган суҳбат ҳақида айтиб бераркан, давлат раҳбарининг вилоятга ташрифидан олган таассуротлари ҳар сафар турлича бўлганини айтади.
–  Бу техноген талафотдан кейинги учинчи ташриф бўлди. Биринчи ташрифда президент ҳеч ким эътибордан четда қолмайди, дея халққа далда бўлганди. Иккинчи ташрифда эса 40 миллион сўмлик пул ва 7 турдаги маиший техникалар тарқатилди. Мана, бугунги кунга келиб эса уйлар тарқатилиши бошланди, - деди у.
Ғофуржон Усупалиев эски ҳовлисида келгусида деҳқончилик ва чорвачилик билан шуғулланишни режалаштирмоқда. Унинг айтишича, 25 сотихли ерида деҳқончилик қилиш учун шароит бор, у иссиқхона қуриб даромад олишни режалаштирмоқда.
1718views0replies
0

Изоҳлар