Излаш
RUUZ

Жамият

“Сардоба” тошқинидан 5 ой ўтиб...

Сирдарё вилоятининг Сардоба, Мирзаобод ва Оқолтин туманларига медиа-тур ташкил қилинди. Маълумки, “Сардоба” сув омборидаги техноген офатдан энг кўп жабр кўрган аҳоли вакиллари ушбу ҳудудларда яшаган.

413views0replies
0

UzNews.uz

Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлиги томонидан бир қатор оммавий ахборот воситалари вакиллари иштирокида Сирдарё вилоятига медиа-тур ташкил этилди. 
Мазкур медиа-тур доирасида жорий йил 1 май куни содир бўлган Сирдарё вилоятининг “Сардоба” сув омборидаги техноген офатнинг салбий оқибатларини бартараф этиш борасида олиб борилган ишлар, жумладан ҳудуддаги қишлоқ ва маҳаллаларнинг янги қиёфаси, маҳаллий аҳоли учун яратилаётган шарт-шароитлар ўрганилди.
Сардоба туманининг “Дўстлик” маҳалласида истиқомат қилиб келган аҳоли вакиллари ҳам сув тошқинидан жабр кўришган. Тонг саҳарда келган сув балоси уларнинг мол-қўйи ҳамда рўзғор буюмларини оқизиб кетиши билан бирга, таъбир жоиз бўлса, “айрим муаммоларини ҳам ювиб кетган”. 
Дилфуза опа Жўраеванинг айтишича, тошқингача ҳам оиласи билан шу ҳовлида яшаган. У оиласига бўлаётган бугунги эътибор ва ғамхўрликдан миннатдор. Тошқин бўлган кунда қишлоқдошларининг чақириқларидан ваҳимага тушиб, уйларидан ҳеч вақо олиб чиқиб кетолмаган опа ҳар гапнинг бирида меҳр-саховатли халқнинг бир бўлаги эканлигидан ғурур туяди. 
–  Июль ойида уйимизга кўчиб кирдик. Уйдан кетганимизда қўлимизга ҳеч нарса олишга улгурмадик. Шукурки, саховатли халқимиз ва давлатимиз бор: мусибатли кунларимизда елкадош бўлдилар. Бугун уйларимиз янги таъмирдан чиқарилиши билан бирга ҳовлимизга ичимлик суви ва табиий газ ҳам олиб келинди. Бу биз – қишлоқ аҳолисининг азалий орзуси эди. Аввал ичимлик сувини ташиб ичар, табиий газ ўрнига эса навбат кутиб суюлтирилган газни баллонларда олар эдик, - дейди Дилфуза опа.
Шунингдек, опанинг оиласи тошқин жабрдийдалари учун берилган пул ва маиший техника буюмлари каби ёрдамларни ҳам олган. 
“Дўстлик” маҳалласидан, асли касби ўқитувчи бўлган Шерзод ака Зияев ҳам бугун қайта таъмирланган уйига оиласи ва отаси билан кўчиб кирган. У муқаддам коллежда дарс берган – ўқитувчилик қилган. Коллежлар фаолияти тугатила бошлагандан сўнг эса маҳаллий мактабларнинг бирига ишга жойлашиш учун ҳужжатларини топшириб қўйган. Биз хонадон эгасидан ушбу техноген офатда унинг оиласи нималар йўқотгани ва уларнинг ўрни қай даражада қопланаётгани ҳақида сўрадик.
–  Уч нафар фарзандим бор, турмуш ўртоғим поликлиникада ҳамшира бўлиб ишлайди, - дейди Шерзод ака. – Тошқингача эса ўзим коллежда дарс берардим. Бу офат ҳаммамизнинг бошимизга келди, бундан нолимаймиз. Бунинг устига кўриб турганингиз – бу уйларнинг таъмири учун биздан бирор харажат кетмади, 40 млн сўмлик сертификат, президент совғаси сифатида эса маиший техникалар олдик. 
Ҳовлида қурилган қўшимча бино ва унинг оқ мато билан ўраб қўйилгани диққатимизни тортди.
–  Қишлоқда мол-қўй қилмасангиз бўлмайди. Аввал мол-қўйларим бор эди, улар ҳам сувда оқиб кетган. Энди ҳокимият вакиллари шундай хонадонларга мол ёки қўй тарқатамиз дейишган. Бу ерга молхона қургандим. Ҳозирча қўшимча биноларга рухсат беришмаяпти. Биласиз, қишлоқ шароитида мол-қўй, тандир-ўчоқ кабиларга эҳтиёж бор, уларсиз бўлмайди, - дейди Шерзод ака Зияев.
Айни кунда маҳалладаги 62 та хонадонга ўз эгалари кўчиб келишган. Шомга яқин маҳаллани тарк этар эканмиз, қачонлардир эски ва тор кўчалари бўлган қишлоқнинг тунги қиёфаси кичик бир шаҳарчани эслатаётганини, маҳаллий аҳолининг юз ифодасида эса бундай ўзгаришлардан мамнунликни кўрдик.
Маълумот учун, аҳоли хонадонларини таъмирлаш бўйича Қорақолпоғистон Республикаси, Тошкент шаҳри ва вилоятлар томонидан таъмирлаш ишларига 674 та пудратчи, 411 та техника ва 10 839 нафар ишчи жалб қилинган. 
Бугунги кунда аҳолининг 89,5 фоизи ўз яшаш манзилларига кўчиб келишган. 
Элбек Боймурадов
UzNews.uz мухбири
413views0replies
0

Изоҳлар