1 USD = 10535.24 1 EUR = 12686.54 1 RUB = 138.23
БҲМ = 245 000 сўм МҲЭКМ = 747 300 сўм
1 USD = 10535.24 1 EUR = 12686.54 1 RUB = 138.23
БҲМ = 245 000 сўм МҲЭКМ = 747 300 сўм
Жамият
7 октябрь 2020 г. 520 0

Шерзод Шерматов чет тилини ўзи яхши билмайдиган ўқитувчилар борлигини тан олди

Вазир айрим жойларда суҳбатлар давомида ўқитувчиларнинг тилни билиш бўйича малакасини ошириш муҳимлигига амин бўлганини ёзди.

Шерзод Шерматов чет тилини ўзи яхши билмайдиган ўқитувчилар борлигини тан олди
Фото: Халқ таълими вазирлиги

Халқ таълими вазири Шерзод Шерматов айрим мактаблардаги чет тили фани ўқитувчиларининг билими талаб даражасида эмаслигини маълум қилди.  

“10 мингга яқин мактабларимизда минглаб рус ва инглиз тили ўқитувчилари фаолият олиб боришади, лекин жойларда улар билан суҳбатлар давомида уларнинг тилни билиш бўйича малакасини ошириш муҳимлигига кўп маротаба амин бўлганман. Суҳбатлар давомида машҳур кинофильмдаги “шестница деса ҳам бўлади, суббота деса ҳам бўлади” деган эпизод афсуски кўп маротаба эсимга тушган. Қандай қилиб ўзи чет тилини билмаган ўқитувчи ўқувчига ушбу тилни сифатли ўргатиши мумкин!” деб ёзади вазир.

Шерзод Шерматов яна бир бор русийзабон мактабларга фарзандларини юборадиган ота-оналарни огоҳлантирди.

“Тошкент шаҳри ва вилоят марказларида рус тилида дарс ўтиладиган мактабларга ота-оналар томонидан талаб жуда юқори. Кўпчилик ота-оналар уйда рус тилида сўзлашмасликлари сабабли болалари ўқишда қийналса ҳам рус тилидаги мактабга беришга ҳаракат қиладилар. Бунга асосий сабаблардан бири, мен билмасам ҳам болам жуда бўлмаса рус тилини ўрганиб чиқсин дейди. Аслида эса бундай ўқувчилар мактабда бошқа фанларни ўзи билмайдиган тилда ўзлаштиришга қийналадилар” таъкидлайди вазир.

Аввалроқ, халқ таълими вазири онлайн таълим ҳақида фикр билдираркан, “шундай ота-оналар борки, уйда ўзбек тилида мулоқот қилинади, лекин фарзандини мажбурлаб рус синфига қўйган. Ўз-ўзидан бу болада ҳам таълим сифати пасайиб кетади. Чунки ота-она телевидение орқали узатиладиган русча дарсларга тушунмайди”, деган эди.

Эслатиб ўтамиз, 16 сентябрь куни эфирга узатилган чет тили фани видеодарсида ўқитувчи айрим хатоликларга йўл қўйганди. Педагог АҚШ пойтахтини адаштириб юборади ва Хитой пойтахти номини нотўғри талаффуз қилади. Бунинг ортидан Халқ таълими вазирлиги эса бу ҳолатга муносабат билдириб, дарсларда йўл қўйилган хато ва камчиликларни бартараф этиш мақсадида чет тили ўқитувчиларининг таркиби қайта кўриб чиқилгани, дарс муҳаррири алмаштирилгани ҳамда дарсларда тажрибали ўқитувчилар жамоасини янада кенгайтириш мақсадида маҳоратли педагоглар учун танлов эълон қилингани ҳақида баёнот берганди.

Изоҳлар
Изоҳ қолдириш Мавзу бўйича қизиқарли ва маъноли фикрлар қабул қилинади.
Янгилик қўшиш
Муҳокама қилинаётган барча мақолалар