Излаш
RUUZ

Иқтисодиёт

Жорий йилда гўшт ва айрим маҳсулотлар озиқ-овқат товарлари инфляциясига таъсир қилгани айтилди

Январь-сентябрь ойларида республика бўйича инфляция даражаси ҳақида ахборот берилди.

677views0replies
0

darakchi.uz

Жорий йилнинг дастлабки тўққиз ойида республика бўйича инфляция даражаси 6,3 фоизни ташкил этди. Бу ҳақда Марказий банкнинг ҳудудларда асосий товар ва хизматлар инфляциясига оид ахборотномасида маълум қилинди.  
Қайд этилишича, ҳудудлар кесимида нархлар айрим ҳудудларда юқорироқ даражада ўсиши кузатилди. Хусусан, Тошкент шаҳрида йил бошига нисбатан нархлар ўртача 8,9 фоизга, Тошкент, Қашқадарё ва Жиззах вилоятларида мос равишда 6,7, 6,6 ва 6,5 фоизга ошди. Шунингдек, Сурхондарё, Андижон ва Наманган вилоятларида инфляция республика кўрсаткичига нисбатан пастроқ даражада шаклланди.
2020 йилнинг январь-сентябрь ойларида озиқ-овқат товарлари инфляцияси республика бўйича ўртача 7,5 фоизни ташкил этди (ўтган йилнинг мос даврида 8,4 фоизни ташкил этган). Ҳудудлар кесимида таҳлил қилинганда, Тошкент шаҳри (10,6 фоиз)да озиқ-овқат товарлари нархларининг ошиши республика бўйича ўртача озиқ-овқат инфляциясидан юқори даражада шаклланган бўлса, Сурхондарё (5,2 фоиз) вилоятида нисбатан паст даражани қайд этди. 
Таъкидлаш жоизки, 2020 йилнинг январь-сентябрь ойларида озиқ-овқат товарлари инфляциясига таъсир кўрсатган асосий омилларга гўшт маҳсулотлари, нон ва нон маҳсулотлари, буғдой уни, картошка, гуруч ва тухум сезиларли даражада қимматлашгани сабаб бўлди. 
Ноозиқ-овқат товарлари нархлари эса республика бўйича 6,0 фоизга ошди (ўтган йилнинг мос даврида 8,8 фоиз). Таъкидланишича, жорий йилнинг январь-сентябрь ойларида ноозиқ-овқат товарлари инфляциясига таъсир кўрсатган асосий омиллардан қурилиш моллари, цемент, дори-дармон, ювиш ва тозалаш воситалари, кийим-кечак, пойабзал, маиший техника воситалари нархларининг ошганлиги билан изоҳланади.  
2020 йилнинг январь-сентябрь ойлари мобайнида, хизматлар нархлари республика бўйича 4,5 фоизга ошди (ўтган йилнинг мос даврида 13,7 фоиз). Шунингдек, жорий йилнинг январь-сентябрь ойларида хизматлар соҳаси инфляцияси шакланишига асосий омиллар сифатида тиббий, маиший, молиявий ҳамда йўловчи ташиш хизматларининг тарифлари ошиши таъсир кўрсатди.
Аввалроқ, Давстатқўм 2020 йилнинг август ойида Ўзбекистон истеъмол секторидаги инфляция даражаси ҳақида маълум қилиб, мева ва сабзавот нархларининг ўзгаришини ҳисобга олмаганда,  кўрсаткич даражаси 0,8 фоизни ташкил этганди.
ЕТТБ эса 2021 йилда Ўзбекистон иқтисодиёти 4,5 фоизга ўсишини прогноз қилганди.
677views0replies
0

Изоҳлар