Излаш
RUUZ

Бизнес

Ўзбекистонлик тадбиркорларнинг “Алибаба” платформасида маҳсулот сотиши осонлашди

Экспортчилар уюшмаси жаҳон гигантининг расмий вакилига айланган.

1153views0replies
0

REUTERS / Bobby Yip

Ўзбекистонда Хитойнинг гигант савдо платформаси “Alibabа” компанияси иш бошлади, дея хабар бермоқда ЎзА.   
Мазкур компаниянинг Ўзбекистондаги расмий вакили Экспортчилар уюшмаси ҳисобланади.
– Alibabа.соm сайтида илгари ҳам ўзбек маҳаллий тадбиркорларимиз, экспортёрларимиз ўз маҳсулотларини жойлаб, экспорт қилишган, – дейди Ўзбекистон экспортчилари уюшмасининг етакчи мутахассиси Маъруф Пардаев. – Аммо бу жуда катта портал, жуда ҳам мураккаб жараён бўлгани учун регистрация жараёнидаги кўп саволлар юзасидан тушунмовчиликлар бўлган. Шунинг учун кўпчилик тадбиркорларимиз ишнинг ярмидан ташлаб кетишга мажбур бўлишган. Эндиликда мазкур келишув Ўзбекистон экспортчилар уюшмасига Alibabа.соm сайтига махсус калитларни очиб берди. Бу Ўзбекистон маҳаллий компаниялари, экспортёрлари шу порталда, шу сайтда маҳсулот жойлаши, умуман олганда “Alibabа” билан савдо ва маҳсулотларини экспорт қилишда кенг имкониятлар очади.
– Аслида “Alibabа” шу вақтгача Ўзбекистонда ўз шуъбасини очмаган, – дейди Ўзбекистон экспортчилар уюшмаси раиси Мухтор Умаров. – Негаки уларнинг талаблари юқори. Кўпчиликда бу Ўзбекистонга қандай фойдаси бор, деган савол туғилиши табиий. Биринчидан, тез, қулай ва арзон тарзда маҳсулотларимизни жаҳон электрон тармоғига жойлаб оламиз. Икки тарафга ҳам бу платформа кафолат вазифасини ўтайди. Бунинг натижасида тадбиркорларимиз ҳам хотиржам ўз маҳсулотларини экспорт қила олади. Иккинчидан, энг асосийси, “Alibabа” орқали биз Хитой бозорига ва Хитой орқали қўшни давлатларга чиқа оламиз. Бу Ўзбекистон экспортини 2-3 баробарга оширишимизга йўл очади.
Маълум қилинишича, ушбу платформа орқали маҳаллий қандолатчи корхоналаридан бири 3 миллион АҚШ долларига тенг шартнома имзолаган.
Аввалроқ, Савдо-саноат палатаси раиси ўринбосари Ф. Усманов "Алибаба"нинг Россиядаги расмий ҳамкори PAL компанияси вакиллари билан музокаралар ўтказиб, Ўзбекистоннинг маҳаллий маҳсулотларини ушбу савдо майдончасига жойлаштириш масалаларини муҳокама қилганди.
1153views0replies
0

Изоҳлар