Излаш
RUUZ

Жамият

Мактаб директори лавозими танлов асосида эгалланиши керак – президент

Президент мактаб директорига қўйиладиган талаблар, унинг асосий вазифалари ва фаолиятини баҳолаш мезонлари ҳақида тўхталди.

2116views0replies
0

president.uz

Ўзбекистон Президенти ўзининг Ўқитувчи ва мураббийлар кунига бағишланган тантанали маросимдаги нутқида ўқитувчи ва муаллимларнинг нуфузи ва мавқеини ошириш мақсадида уларнинг мақомини қонун даражасида белгилашни таклиф қилди.
– Ушбу қонунда ёшларга таълим ва тарбия бериш жараёнида ўқитувчилар ўзларининг салоҳиятини тўлиқ намоён этишлари учун зарур шарт-шароитлар яратиш, уларни ижтимоий, ҳуқуқий, моддий қўллаб-қувватлаш чоралари кафолатланиши керак. Жумладан, мактаб директори, унинг ўринбосари, синф раҳбари, ўқитувчининг мақоми аниқ белгиланиши лозим, - деди давлат раҳбари.
Президент шунингдек, ўқитувчиларга устамалар тўлаш, уларни рағбатлантириш мезонлари ҳам тўлиқ қайта кўриб чиқилиши зарурлигини таъкидлади. Аксарият эскирган қонуности ҳужжатлари қайта кўриб чиқилиб, бекор қилиниши ҳақида ҳам тўхталди.
– Ўқитувчиларнинг ҳуқуқлари давлат ҳимоясида бўлишини, уларнинг касбий фаолиятига ноқонуний аралашув, бошқа ишларга жалб қилиш жавобгарликка сабаб бўлишини қатъий белгилаш лозим.
Қонунда, шунингдек, мактаб директорига қўйиладиган талаблар, унинг асосий вазифалари ва фаолиятини баҳолаш мезонлари ҳамда ҳисобот бериш тартибини белгилаш зарур.
Мактаб директори лавозимини танлов асосида, мактабни келгуси 5 йилда ривожлантириш бўйича энг яхши дастурга эга номзод эгаллаши керак. Энди мактаб директори йил якуни бўйича дастур ижроси ҳақида маҳаллий кенгашда ҳисобот беради ва унинг фаолиятига халқ вакиллари томонидан очиқ-ойдин баҳо бериб борилади. Мактаб директорига интизомий жазо бериш ва уни лавозимидан озод этиш масалалари ҳам маҳаллий кенгашлар билан келишилган ҳолда амалга оширилиши зарур.
Парламентимиз аъзоларидан маҳаллий кенгашларнинг мактаблар билан ишлаш тизимини алоҳида назоратга олиб, ушбу жараёнларга яқиндан кўмак беришларини сўрайман. Олий Мажлис палаталари (Т.Норбоева, Н.Исмоилов) икки ой муддатда умумтаълим мактаблари билан ишлашни янада кучайтириш бўйича тегишли чора-тадбирларни ишлаб чиқишлари мақсадга мувофиқ бўлади.
— Келгуси икки йил давомида мактабларни моддий-техник жиҳатдан таъминлаш харажатларини 2 баробар ошириш, уларни замонавий жиҳозлар ва кўргазма қуроллари билан тўлиқ таъминлаш лозим, - деди Шавкат Мирзиёев.
2116views0replies
0

Изоҳлар