Излаш
RUUZ

Об-ҳаво

Октябрда Ўзбекистонда қандай об-ҳаво кутилмоқда?

Октябрь ойи ҳам ҳарорат режими, ҳам ёғинлар миқдори бўйича ўртача кўп йиллик қийматларга яқин бўлиши кутилмоқда.

1350views0replies
0

Марат Наджибаев / UzNews.uz

Ўзгидромет мамлакатда кузнинг иккинчи ойи – октябрда кузатиладиган об-ҳаво маълумотини эълон қилди.
Қайд этилишича, октябрь ойи қуруқ об-ҳаво билан бошланади.
1-5 октябрь кунлари бутун республика бўйича об-ҳавонинг кам булутли ва ёғингарчиликсиз бўлиши кутилмоқда. Шамол асосан шарқий йўналишда эсади ва кучсиздан ўртачагача ўзгариши мумкин. Ҳарорат кечаси 5-10 даража, шимолда 2-7 даража илиқ, кундузи 20-25 даража бўлади.
Умуман октябрь ойи ҳам ҳарорат режими, ҳам ёғинлар миқдори бўйича ўртача кўп йиллик қийматларга яқин бўлиши кутилмоқда, бироқ айрим жойларда ёғингарчилик меъёрдан ортиқ бўлиши мумкин.
Иқлимий меъёрларга кўра, октябрда Ўзбекистоннинг жанубий вилоятларида 3 дан 5 гача, қолган ҳудудларда 5 дан 7 гача ёғингарчиликли кунлар бўлади. Ёғинлар асосан ёмғир кўринишида, ҳарорат кескин совиганда ёмғирнинг қорга қисқа муддатли ўтиши эҳтимоли бор. Тошкентда сўнгги марта 2018 йилда ёмғирнинг қорга ўтиши қайд этилган.
Ўртача кўп йиллик тунги ҳарорат 6-11 даража илиқни ташкил қилсада, бироқ кўпинча октябрда, айниқса унинг иккинчи ярмида, илк кузги аёз кузатилади.
Октябрда кундузги ҳарорат 23-28 даражадан 10-15 даража илиққача ўзгариб туради.
Албатта, табиат «ўзини кўрсатади» ва баъзан амалдаги ҳарорат ва ёғинлар миқдори кўп йиллик давр учун ўртачалаштирилган қийматлардан анча фарқ қилиши мумкин.
Тошкентда, масалан, метеорологик кузатувларнинг юз йиллик тарихида айрим йилларда октябрдаги энг юқори ҳарорат 33-36 даража иссиқни ташкил қилгани қайд этилган. Октябрь ҳароратининг абсолют максимуми 37,5 даража бўлиб, бу рекорд 1941 йилга тегишлидир.
Тошкент учун октябрь ойидаги энг паст ҳарорат 11,2 даража совуқни ташкил қилади ва бу кўрсаткич анча олдин – ўтган асрнинг бошида қайд этилган. Охирги 20 йил ичида Тошкентдаги минимал ҳарорат 1-2 даража совуқдан паст бўлмаган.
2015 йил октябрида пойтахтимизда энг кўп ёғингарчилик бўлгани қайд этилган. Ўшанда ёққан ёғинлар миқдори октябрь ойи меъёридан 3,5 марта кўп бўлган.
2002 йил октябрида эса Тошкентда умуман ёғингарчилик кузатилмаган.
Маълумот учун, жорий йил сентябрь куни тоғолди ва тоғли туманларда 2-3 марта асосан кучсиз ва ўртача жадалликдаги қисқа муддатли ёмғирлар кузатилди.
Ойнинг биринчи ярми иссиқ бўлиб, ҳарорат 27-30 даража, ойнинг биринчи кунларида 32-35 даражагача кўтарилди. Ойнинг иккинчи ярми эса одатдагидан салқинроқ бўлди.
1350views0replies
0

Изоҳлар