Излаш
RUUZ

Жамият

Яна бир соҳадаги ҳуқуқбузарликларни аниқлашда ёрдам берган фуқаролар пул мукофоти олади

Нотўғри жойда ахлат ташлангани акс этган фото ва видеоёзувларни юборган ўзбекистонликларга пул тўланади.

1123views0replies
0

Константин Башлаев / UzNews.uz

Президентнинг “Маиший ва қурилиш чиқиндилари билан боғлиқ ишларни бошқариш тизимини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори қабул қилинди.  
Унга биноан, 2021 йил 1 январдан бошлаб экология, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва табиатдан фойдаланиш соҳасидаги ҳуқуқбузарликлар ҳақидаги фотосуратлар ва видеоёзувларни юборган шахслар ҳуқуқбузардан ундирилган жарима миқдорининг ўн беш фоизи миқдоридаги пул мукофоти билан рағбатлантирилади.
Ҳуқуқбузарлик ҳолатлари тўғрисида юборилган фотосуратлар ва видеоёзувлардаги ҳуқуқбузарларнинг шахсини аниқлаш Давлат экология қўмитасининг ҳудудий органлари сўровига асосан ички ишлар органлари томонидан амалга оширилади.
Ҳуқуқбузарлик ҳолатлари тўғрисидаги фотосуратлар, видеоёзувлар ва хабарларни тақдим этган шахслар тўғрисидаги маълумотларнинг ошкор этилишига йўл қўйилмайди.
Шунингдек, 2021 йил 1 январга қадар маиший ва қурилиш чиқиндиларини белгиланмаган жойларга ташлаганлик учун жарима санкциялари миқдорини ошириш, маиший ва қурилиш чиқиндилари билан боғлиқ ишларни амалга ошириш соҳасида ҳуқуқбузарлик содир этганлик учун фуқаролар ва мансабдор шахсларнинг жавобгарлигини кучайтиришни назарда тутувчи қонун лойиҳаси ишлаб чиқилади.
Аввалроқ, 2021 йил 1 январдан лицензия соҳасидаги қонун бузилишлари ҳақида хабар берган шахслар ҳуқуқбузарлик ўз тасдиғини топганда ундирилган жариманинг 10 фоизи миқдоридаги пул мукофоти билан рағбатлантирилиши маълум қилинганди.
Шунингдек, ҳукуматнинг коррупцияга оид ҳуқуқбузарлик ҳақида хабар берган ёки коррупцияга қарши курашишда бошқа тарзда кўмаклашган шахсларни рағбатлантириш тартиби тўғрисидаги низомни тасдиқлаш ҳақидаги қарори лойиҳасига кўра, фуқароларни бир марталик пул мукофоти билан рағбатлантириш кўзда тутилган эди.
1123views0replies
0

Изоҳлар