Излаш
RUUZ

Жамият

Карантин қоидалари бузилганда автомашинанинг жарима майдонига қўйилиши ноқонуний эдими?

Карантин чекловлари жорий этилган муддат давомида 26 мингдан ортиқ турдаги қоидабузарликлар аниқланган. 

727views0replies
0

Тошкент вилояти ИИББ

Кеча, 23 сентябрь куни ЎзЛиДеПнинг сиёсий фракцияси йиғилишида Олий Мажлис Қонунчилик палатасига Ички Ишлар Вазирлиги ташаббуси билан Вазирлар Маҳкамаси томонидан киритилган «Ўзбекистон Республикаси Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги Кодексга ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш ҳақида»ги Қонун лойиҳаси муҳокама қилинди. Бу ҳақда Қонунчилик палатаси депутати Дониёр Ғаниев ўз саҳифасида маълум қилди.
Депутатнинг хабар беришича, мазкур Қонун лойиҳасида Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 291-моддасига ўзгартириш киритиш таклиф этилган. Бунда, ушбу Кодекснинг 54-моддаси иккинчи қисмида назарда тутилган ҳуқуқбузарлик, яъни «Эпидемияларга қарши кураш қоидаларини бузиш» борасидаги маъмурий ҳуқуқбузарликлар содир этиб ҳаракатланаётган транспорт воситаларини вақтинча ушлаб туриш мақсадида жарима майдонига жойлаштириш тартибини жорий этиш таклиф қилинмоқда.
Шунингдек, Қонун лойиҳаси муҳокамасида ИИВ вакили мамлакатда карантин чекловлари жорий этилган муддат давомида 26 мингдан ортиқ ушбу турдаги қоидабузарликлар аниқланиб, транспорт воситалари жарима майдонларига вақтинча ушлаб туриш учун олиб кирилганини маълум қилган. 
Қонунчилик палатаси депутати Дониёр Ғаниев мазкур Қонун лойиҳасининг тақдим этилишига муносабат билдирар экан, «мазкур тартиб ушбу ҳужжат лойиҳаси билан энди қонунийлаштирилаётган экан, унда шу кунга қадар жарима қўлланган 26 мингдан ортиқ ҳолат ноқонуний расмийлаштирилганмиди» мазмунида ҳақли саволни ўртага қўяди.
«Таклиф этилаётган қонун лойиҳасининг мақсадидан келиб чиқадиган бўлсак, бугунги кунга қадар ички ишлар ходимлари томонидан МЖтКнинг 54-моддаси асосида 26 мингдан ортиқ транспорт воситалари жарима майдонларига ноқонуний тарзда олиб кирилганлигини англатадими? Карантин қоидалари бузилганда автомашина жарима майдонига қўйилишини қонуний деб жар солган ИИВ ушбу қонун лойиҳаси билан энди бу ҳолатларнинг нотўғри эканлигини тан олмоқдами?
Агар бундай бўлмаса, хўш унда нима сабабдан Кодексга ўзгартириш киритиш таклифи илгари сурилмоқда? Бу шу кунга қадар амалга оширилган, лекин қонуний асосга эга бўлмаган «хатоликларни тўғрилаш» учунми? Нима учун бу таклиф автомобиллар ҳаракатига доир карантин чекловлари бекор қилинган вақтда илгари сурилмоқда?
Модомики, Ички Ишлар Вазирлиги мазкур қонун лойиҳасида таклиф этилаётган ўзгартишлар уларга ўз хизмат вазифаларини бажаришлари учун муҳим ҳисоблаб, қонун даражасида тегишли ҳуқуқий асослар яратиш зарурияти бор деб билишса, албатта, парламент уларни доим қўллаб-қувватлайди.
Лекин, қонун ҳужжатлари ва уларнинг ҳаётга татбиқ этилиши ўзаро мос бўлиши, биринчи навбатда, қонун устуворлиги таъминланиши зарур деб ҳисоблайман! Шу боис, таклиф қилинаётган қонун лойиҳаси маъқулланишидан олдин ИИВ ҳам ўз хатосини тан олиши ва бугунги кунга қадар МЖтКнинг 54-моддаси асосида транспорт воситаларини жарима майдонларида ушлаб туриш ортидан фуқаролар томонидан тўланган маблағларини қайтаришлари энг тўғри йўл бўлади!» дейди депутат.
Шунингдек, унинг ҳамкасби Расул Кушербаев ҳам мазкур вазиятга баҳо берар экан, вазирликнинг бу хатти-ҳаракатини "туширилган қовунни" секингина парламентни қўли орқали тўғирлаб қўйиш” деб атайди.  
«Бу «қовун тушириш»дан жабр қўрган камида 26 мингдан ортиқ фуқаролар олдида эртага ким «крайный» айбдор қилинади? Депутатларми? Унда ким жарима майдонида автомобиллар ғайриқонуний ушлаб турилгани учун пул тўлайди?» деб ёзади Кушербаев.
727views0replies
0

Изоҳлар