Излаш
RUUZ

Жамият

Энди Яккабоғда ҳам Марғилон адраси тўқилади

Туманда жорий йилда қиймати 725 млн сўмлик 17та ҳунармандчилик лойиҳаси амалга оширилиши режалаштирилган.

876views0replies
0

UzNews.uz

Қашқадарё вилоятининг Яккабоғ туманидаги мавжуд кичик бизнес субъектларининг қарийб 43 фоизи сўнгги 3 йилда ташкил этилган. Мазкур субъектларда маҳаллий аҳолининг бандлиги таъминланиши билан бирга уларга ҳунармандчилик сирлари ҳам ўргатилмоқда.
Хусусан, туманда 2020 йилда қиймати 725 млн сўмлик 17та ҳунармандчилик лойиҳалари амалга оширилиши белгиланган. Жорий йилда эса мазкур лойиҳаларнинг амалга оширилган қисмида 91та иш ўрни яратилди.
“Темир дафтар” рўйхатидаги оилаларнинг турмушини ўрганиш, кам даромадли ва эҳтиёжманд оилаларнинг яшаш шароити билан танишиш мақсадида Президент администрацияси ҳузуридаги Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлиги кузатувида ташкил этилган республика ишчи гуруҳи бу сафар Қашқадарё вилоятининг Яккабоғ туманида бўлди. 
Туманда маҳаллий аҳолини, жумладан, ишсиз аёлларини иш билан таъминлаш ва уларга ҳунар ўргатиш мақсадида адрас тўқиш технологиясини маҳаллийлаштириш устида ишлашмоқда.
Бунинг учун тадбиркор ва туман ҳокимияти 6 нафар ишчини Марғилон шаҳрига шогирдликка юборган. Матлуба опа ҳам мазкур гуруҳда марғилонлик усталардан ҳунар ўрганган. У бугун бу ерда дўкон (адрас тўқийдиган ускуна)да адрас тўқиш билан бирга ёшларга бу ҳунарнинг сир-асрорларини ўргатади.
–  Қизларимиз ўрганиб қолди: ҳозирги кунда бир кунда битта дўконда ўртача 6 метргача адрас тўқиш мумкин. Маҳсулот ип-калава ҳолатидан то дўконга етиб келгунга қадар 12та жараённи босиб ўтади, - дейди Матлуба опа.
Унинг айтишича, айни пайтда бу ерда бўлажак ҳунармандларнинг ўрганиш босқичида эканлиги боис пахтали ипдан фойдаланилмоқда. Келгусида тўлиқ қувватда уста ишчилар билан иш бошланганда ипакдан адрас тўқиш бошланади.
Адраснинг камалак рангидек товланишида унинг хом ашёси – ипнинг усталик билан бўялиши муҳим. Файзулла ака Турсунов эса айни шу иш билан шуғулланади. У ўзининг рассом ҳамкасби билан тўқувчи қизлар учун ипларни турли дизайнда бўяб беради. 
–  Рассом қизимиз ўзи ижод қилиб, турли симметрик шаклларни чизиб беради, менинг ишим эса рассомнинг фантазияси бўйича ипларни маромига етказиб бўяш, - дейди Файзулла ака.
“Маданият текстил” кўп тармоқли МЧЖ иш бошқарувчиси Гавҳаршодбегим Абдураимова мазкур лойиҳа учун келгусида шарқона услубда янги бино қурилаётгани, бу эса ишлаб чиқариш руҳига хос миллийлик билан қоришган муҳитни шакллантиришини таъкидлади. 
Айни дамда ушбу цехда 28 нафар ишсиз хотин-қизлар устоз-шогирд анъанаси асосида ҳунар ўрганмоқда. Шунингдек, уларга туман бандликка кўмаклашиш маркази томонида стипендия ажратилган.
Элбек Боймурадов
UzNews.uz мухбири
876views0replies
0

Изоҳлар