Излаш
RUUZ

Иқтисодиёт

Январь-август ойларида гўшт ва гўшт маҳсулотлари импорти 2 бараварга кўпайган

Озиқ-овқат маҳсулотлари бўйича инфляцион босимнинг асосий омили гўшт маҳсулотларининг нархи эканлиги айтилмоқда.

1363views0replies
0

Юнусобод тумани ҳокимлиги

Иқтисодий тараққиёт ва камбағалликни қисқартириш вазирлиги 2020 йилнинг январь-август ойларида инфляция даражасига таъсир этувчи омиллар диагностикасини эълон қилди.  
Унга кўра, 2020 йил бошидан истеъмол нархлар индексининг ўсиши мўътадил бўлиб, ўрганилаётган даврда истеъмол нархларининг умумий ўсишида ноозиқовқат товарлари ва хизматлар улушининг сезиларли пасайиши, озиқ-овқат маҳсулотлари улушининг эса сезиларли даражада ўсиши кузатилган. 
Жорий йилнинг 8 ойи давомида озиқ-овқат махсулотлари бўйича инфляция даражаси 5,2 фоизни (2019 йилнинг 8 ойида 7,0 фоиз), йиллик ҳисобда эса 16,7 фоизни (19,7 фоиз) ташкил этди. 
Қайд этилишича, озиқ-овқат нархларининг кескин ўсиши асосан декабрь ойига хос бўлиб (2018 ва 2019 йилларда 3,2 ва 3,3 фоиз), ушбу ҳолат мева ва сабзавотлар нархларининг мавсумий ўсиши, шунингдек янги йил байрамидан олдин бошқа турдаги озиқ-овқат маҳсулотлари нархларининг ошиши билан тушунтирилади. 
«2020 йилнинг август ойида кузатилган озиқ-овқат нархларининг йиллик ўсиши умумий инфляция даражаси ва ўтган йилнинг шу давридаги кўрсаткичларга нисбатан юқори бўлди. Шу билан бирга, мева-сабзавотларнинг йиллик инфляция даражасига таъсири камайиб, энг юқори нарх ўсиш суръатлари гўшт маҳсулотларида кузатилди (йиллик ҳисобда 18,2 фоиз)», дейилади вазирлик маълумотида. 
Бундан ташқари, Қозоғистонда буғдой ҳосилининг пасайиши тегишли товар гуруҳлари бўйича нархларнинг ўсиши ва жорий йил январь-август ойларида импорт қилинадиган буғдой уни ҳажмларининг ўтган йилнинг мос даврига нисбатан 113 минг тоннага (-35%) камайишида ўз аксини топган. Шунингдек, апрель ойидан кейин буғдой импортининг ўсиши кузатилган.
Таъкидланишича, озиқ-овқат маҳсулотлари бўйича инфляцион босимнинг асосий омили гўшт маҳсулотларининг нархи бўлиб, ушбу ҳолат асосан гўшт ишлаб чиқариш ҳажмининг барқарор даражада ўсишини таъминлаш учун зарур бўлган озуқа базасининг ривожланмаганлиги сабабли вужудга келган. Шу билан бирга, 2020 йилнинг январь ойидан августигача бўлган даврда гўшт ва гўшт маҳсулотлари импортининг 2,0 бараварга (15,6 дан 31,8 минг тоннагача) кўпайиши нархларнинг ўсишини жиловлаш имконини берган.  
Маълумот учун, озиқ-овқат маҳсулотлари нархлари ўсишининг асосий омили гўшт маҳсулотлари (озиқ-овқат маҳсулотлари гуруҳида унинг улуши 10 фоиз) ҳисобланади. Сўнгги уч йил мобайнида гўшт маҳсулотларининг нархи 2,0 баробар ошди.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Марказий банк бошқаруви раиси Мамаризо Нурмуратов 2016 йилда гўшт ва қорамол нархи кескин ошиб кетганига изоҳ берганди.
1363views0replies
0

Изоҳлар