Излаш
RUUZ

Жамият

“Арми – 2020”да Ўзбекистон умумжамоа ҳисобида 3-ўринни эгаллади

Ўз якунига етган мусобақада ўзбекистонлик ҳарбийлар 32 давлат орасида 3-поғонани қайд этди.

1025views0replies
0

Мудофаа вазирлиги

Жорий йилнинг 23 августидан 5 сентябригача давом этган «АрМИ – 2020» халқаро армия ўйинларида 30 дан ортиқ давлатнинг 160 дан зиёд жамоаси қаторида Ўзбекистон Мудофаа вазирлиги ҳарбий хизматчилари 16 йўналишда — “Мерганлик марраси”, “Қуролсоз уста”, “Мусаффо осмон”, “Артиллерия олови устаси”, “Йўл патрули”, “Қўшин разведкаси аълочилари”, “Танк биатлони”, “Эльбурс ҳалқаси”, “Содиқ дўст”, “Хавфсиз маршрут”, “Дала ошхонаси”, “Ҳарбий ралли”, “Ҳарбий-тиббий эстафета”, “Мерганлар марраси”, “Отлиқ марафон”, “Автозирхли танктехника устаси” мусобақаларида фаол иштирок этди.
Ўтган йил ҳамюртларимиз умумжамоа ҳисобида 32 мамлакат ҳарбийлари ўртасида жами 14 йўналишда –  2 та биринчи, 4 та иккинчи, 5 та учинчи ўринни эгаллаб, умумжамоа ҳисобида 5-ўринни эгаллаган бўлса, жорий йилда 3-поғонага кўтарилди. Бу ҳақда UzNews.uz'га Мудофаа вазирлиги Ахборот ва оммавий коммуникациялар департаменти хабар берди.
Марказий ҳарбий округнинг “Фориш” тоғ полигонида ўтган “Ҳарбий- тиббий эстафета” мусобақаси қизғин баҳсларга бой бўлди. Юртдошларимиз шартларни бажариш жараёнида ўтган йилги рекордларни бир неча бор янгиладилар. Хусусан, эркаклар жамоаси 6 дақиқа 28,8 сония кўрсатгич билан рекорд вақтини 1 дақиқа 8 сонияга янгилади. 
Шарқий ҳарбий округи полигони биринчи бор мезбонлик қилган “Йўл патрули” мусобақасида ҳам юртдошларимизга тенг келадигани топилмади. 
Натижада жамоамиз Россия ва Беларусдан келган ҳамкасбларини ортда қолдириб, 1-ўринни эгаллаб, шоҳсупага кўтарилди.
Халқаро армия ўйинларининг “Содиқ дўст” мусобақасида 2017 йилда 3-ўринни, 2018 йилда 4-ўринни 2019 йилда 2-ўринни қўлга киритган Ўзбекистон ҳарбий кинологлари жорий йилда 1-ўринга сазовор бўлди.
Энг муҳим мутахассисликлардан бири “Қўшин разведкаси аълочилари” мусобақаси Новосибирск шаҳри яқинидаги “Кольцово” полигонида бўлиб ўтди. 
Якунда шоҳсупа қуйидагича кўриниш олди:
I ўрин – Россия;
II ўрин – Ўзбекистон;
III ўрин – Беларус.
“Эльбурс ҳалқаси” халқаро мусобақасида иштирокчи давлатлар ҳарбий хизматчилари бир неча шартларни ўта мураккаб тоғ шароитида ва кучли босим остида бажардилар. Кабардин-Болқордаги Эльбурс чўққисига уюштирилган марш ҳарбий алпинистларни жиддий синовдан ўтказди.
Вакилларимиз ушбу мусобақаларда 2017 ва 2018 йил 4- ва 5-ўринларни эгаллаган эди. 2019 йилда эса 12 041 балл жамғарган Ўзбекистон жамоаси шоҳсупанинг иккинчи поғонасини эгаллади. Жорий йилда ҳам ҳамюртларимизга иккинчи ўрин насиб этди.
“Артиллерия олови устаси” мусобақаси Россиянинг Саратов вилоятида ўтказилди. Ушбу танлов уч босқичдан иборат бўлиб, биринчи “Индивидуал пойга” босқичида миномёт ҳисоблари умумий узунлиги 4 километрлик (2 км дан 2 айлана) тўсиқлардан ўтиб, белгиланган нишонларни йўқ қилиши лозим. Иккинчи босқич “Тунги спринт” ҳаракатлар худди биринчи босқичдаги каби амалга оширилади. Фарқи, ҳаракатлар қоронғида бўлиб ўтади.
“Эстафета” – учинчи босқичда иккала миномёт ҳисоблари иштирок этади. Бунда биринчи миномёт ҳисоби финишга 50 метр қолганда иккинчи миномёт ҳисобига тартиб рақамини узатади. Тартиб рақамлари қўлга узатилмай туриб, иккинчи миномёт ҳисоби старт чизиғини кесмай туради. Мусобақалар якунига кўра юртимиз вакиллари фахрли 2-ўринни қўлга киритди. VI Халқаро армия ўйинларининг ўзбекистонлик ҳарбий хизматчилар иштирок этган барча йўналишлар бўйича натижалар қуйидагича:
•  “Содиқ дўст” — 1-ўрин;
•  “Йўл патрули” — 1-ўрин;
•  “Ҳарбий тиббий эстафета” — 1-ўрин;
•  “Қўшин разведка аълочиси” — 2-ўрин;
•  “Ҳарбий ралли” — 2-ўрин;
•  “Отлиқ марафон” — 2-ўрин;
•  “Эльбрус ҳалқаси” — 2-ўрин;
•  “Хавфсиз маршрут” — 2-ўрин;
•  “Артиллерия олови устаси” — 2-ўрин;
•  “Қуролсоз уста” — 2-ўрин;
•  “Мерганлик марраси” — 2-ўрин;
•  “Дала ошхонаси” — 3-ўрин;
•  “Хавфсиз муҳит” — 3-ўрин;
•  “Автозирхли танктехника устаси” — 3-ўрин.
1025views0replies
0

Изоҳлар