Излаш
RUUZ

Жамият

ОТМга тест имтиҳонлари бошланди

Бугундан олий таълим муассасаларига икки ҳафта давом этадиган кириш имтиҳонлари бошланди.

1419views0replies
0

ЎзА

Бугун, 2 сентябрдан олий таълим муассасаларига кириш учун талабгор бўлган абитуриентлар учун тест синовлари бошланди.   
2020/2021 ўқув йилига қабул уч кун тест синовлари бугундан бошланиб, 14 кун давомида ўтказилади. Шу билан бирга, бугун баъзи олий таълим муассасаларига касбий (ижодий) имтиҳонлар ҳам бошланди.
Бу йил мамлакат бўйича жами 91 олий таълим муассасаcига кириш учун 1 миллион 484 минг 85 абитуриент рўйхатдан ўтказилган.
Ёпиқ бинолар эпидемиологик талабга жавоб бермаслиги, ижтимоий масофага риоя қилинган тақдирда имтиҳонлар вақти анчага чўзилиб кетилиши инобатга олиниб, жорий йилда тест синовлари Тошкент ва Нукус шаҳарлари ҳамда вилоятлар марказларидаги стадионларда ҳамда очиқ майдонларда ташкил этилмоқда.
Тест синовлари икки сменада – 1-смена – 08:00 дан, 2-смена – 17:00 дан бошланади. Тест синовлари 40 стадион ва хиёбонларда (65 та сектор) ўтказилади:
Қорақалпоғистон Республикаси – 3 та ҳудуд (4 та сектор);
Андижон вилояти – 1 та ҳудуд (6 та сектор);
Наманган вилояти – 4 та ҳудуд (4 та сектор);
Фарғона вилояти – 6 та ҳудуд (6 та сектор);
Бухоро вилояти – 3 та ҳудуд (3 та сектор);
Хоразм вилояти – 2 та ҳудуд (3 та сектор);
Сурхондарё вилояти – 4 та ҳудуд (4 та сектор);
Қашқадарё вилояти – 1 та ҳудуд (4 та сектор);
Жиззах вилояти – 2 та ҳудуд (3 та сектор);
Навоий вилояти – 2 та ҳудуд (2 та сектор);
Самарқанд вилояти – 4 та ҳудуд (7 та сектор);
Сирдарё вилояти – 2 та ҳудуд (2 та сектор);
Тошкент шаҳри – 6 та ҳудуд (17 та сектор).
Абитуриентлар тестга боришдан олдин ДТМ сайти орқали абитуриент рухсатномасини олиши шарт қилиб белгиланган. Унда тест санаси, вақти, жойи, сектор ва гуруҳ рақами акс этган бўлади. 
Айни вақтда юртимизнинг барча ҳудудида абитуриент шахсини тасдиқловчи ҳужжат ва рухсатнома билан тест имтиҳонларига кирди. Бу жараёнда улар дезинфекция йўлакчаларидан ўтиб, ҳарорати ўлчаниб, шахси тасдиқлангач синов ҳудудига киритилди.
Маълумот учун, тестда 2 та мутахассислик фанидан 30 тадан жами 60 савол берилади. 1-фан учун 3,2 балл, 2-фан учун 3,1 баллдан берилади.
Тест жараёнларини test2020.uz сайти орқали онлайн томоша қилиш мумкин. 
Тест синовларисиз, касбий (ижодий) имтиҳонлар орқали ўқишга қабул қилинадиган таълим йўналишларига абитуриентлардан 122 минг 612 (кундузги – 69 минг 228, кечки – 971, сиртқи – 52 минг 413) ариза қабул қилинган. 
Тест синови ўтказиладиган ҳудудга киритишда тана ҳарорати 37 даражадан юқорилиги аниқланган абитуриентлар тест синовларига киритилмасдан далолатнома тузилиб, тиббий текширув ўтказиш учун ҳудудга бириктирилган тиббиёт ходимига топширилади.
Тиббий текширувдан ўтган ва коронавирус касаллиги аниқланмаган абитуриентлар учун республика бўйича тест синовлари тўлиқ якунлангандан сўнг ўтказилади.
Тест синовларида шаффофликни таъминлаш учун абитуриентларни киритишда ва шахсини аниқлашда шахсни идентификациялаш воситалари – видеофиксация, бармоқ изи сканеридан фойдаланилмоқда.
Бу йил абитуриентлар 5 та ОТМни танлаш имкониятига эга бўлди. 2019 йилдан буён тест топшириладиган вилоятни танлаш абитуриентнинг ҳуқуқи ва бу жорий йилда ҳам қўлланилмоқда. Вилоятлар таркибидаги ҳудудларни танлашда эса абитуриентнинг ҳуқуқи йўқ. Шаффофликни таъминлаш мақсадида буни махсус дастур амалга оширади.
Абитуриентнинг тўплаган баллари ҳақидаги маълумот тест синови ўтказилган куннинг эртасига, унинг талабаликка тавсия этилгани ёки этилмагани бўйича белгиланган тартибда тасдиқланган танлов натижаси тест синовлари ўтказиш жараёни тўлиқ якунланганидан кейин бир ҳафта муддат ичида Давлат тест марказининг расмий веб-сайтида эълон қилинади.
1419views0replies
0

Изоҳлар