Излаш
RUUZ

Жамият

Мактабларда янги ўқув йилининг тахминий бошланиш вақти маълум бўлди

Халқ таълими вазири Шерзод Шерматов мактабларни очишда 3-сценарий «энг оптимал вариант»лигини айтди.

1047views0replies
0

Тошкент шаҳар ҳокимлиги

Мактабларни 14 сентябрь – душанба кунидан бошлаш таклиф сифатида киритилган. Бу ҳақда Халқ таълими вазири Шерзод Шерматов ўзининг ижтимоий тармоқдаги саҳифасида маълум қилди.  
Аввалроқ, мактабларни янги ўқув йилида ишга туширишнинг 3 та сценарийси ҳақида маълум қилинган эди:
–  анъанавий мактабни очиш;
–  онлайн мактаб орқали ўқитиш;
–  аралаш (гибрид) сценарий – ҳам анъанавий ҳам онлайн. 
Вазирнинг маълум қилишича, Telegram орқали деярли 1 млн. фойдаланувчи қатнашган сўровномада 70% ота-она бола соғлиғидан хавотирда бўлиб, уйда ўзи онлайн ўқитиши мумкинлиги, 30% эса пандемия шароитида ҳам фарзандини мактабга юборишини билдирган.
–  Шунинг учун, аҳолини кўпроқ қатламини рози қилишни инобатга олиб, фақат 3-сценарий, яъни ота-оналарнинг ўзларига танлаш ҳуқуқини бериш энг оптимал вариант бўлиб турибди, - дейди Халқ таълими вазири.
Шерзод Шерматов айрим давлатларда мактаблар очилиб, касаллик кўпайиши натижасида қайтадан ёпилгани, болаларда касаллик оғир ўтмасада, катталарга қараганда кучлироқ вирус ташувчиси бўлиши мумкинлигини таъкидлайди.
– Карантин қоидаларининг юмшатилиши касаллик ҳолатларининг ортишига олиб келиши мумкинлиги, уларни даволашга ҳам қўшимча вақт талаб этилиши кераклиги ҳамда ўқиш бошланишидан аввал уларни даволаб, камайтириш муҳимлиги каби факторларни инобатга олиб экспертлар фикридан келиб чиқиб, бу йилги ўқув йилини 14 сентябрь – душанба кунидан бошлаш таклиф сифатида киритилди, - дея маълум қилди Халқ таълими вазири.
Шунингдек, бир ҳафта олдин синов тариқасида вирус тарқалмаган, ҳавфсиз ҳудудлардаги баъзи кичик мактабларни очиш, ушбу жараёнда барча чораларни тўлиқ ва тўғри амалга оширилишини ўрганиб чиқиш ҳам режалаштирилган. Мактабга ўқувчиларнинг бир вақтда келмаслиги, кираётганда иситмаси ўлчаниши, барча дарслар бир синф хонасида ўтилиши, танаффусда синф ҳавоси шамоллатилиши, ўқувчиларга ижтимоий масофани сақлашни тушунтириш каби қатор талаблар ишлаб чиқилиб, жойлардаги барча мактабларда ижросини таъминланиш чоралари кўрилиш керак бўлади.
Вазирга кўра, юқоридагиларни инобатга олиб, 25–26 август кунлари барча мактабларда ўтказилаётган сўровномаларда ота-оналарнинг қатнашишлари сўралади.
– Фарзандингиз мактаб очилганда мактабга бориб ўқийдими ёки уйдан онлайн ўқийдими деган саволга фақат сиз жавоб бера оласиз! Бизга эса бу сўровномалар барча мактаблар кесимида аниқ, объектив ҳолат бўйича маълумотни йиғишга имкон беради, - дейди Халқ таълими вазири Шерзод Шерматов.
1047views0replies
0

Изоҳлар