Излаш
RUUZ

Жамият

Энди “Ёшлар дафтари” ва “Аёллар дафтари” ҳам юритилади

Ўзбекистонда ишсиз ёшлар бўйича алоҳида “Ёшлар дафтари” ҳамда ишсиз ва боқувчисиз хотин-қизлар бўйича эса “Аёллар дафтари” шакллантирилади.

7205views0replies
0

president.uz

Шавкат Мирзиёев раислигида 20 август куни мутлақо янги тизим, тартиб ва ёндашувлар асосида иқтисодий фаолликни ошириш ҳамда ҳар бир туман ва шаҳарга қўшимча захира яратиш чора-тадбирлари юзасидан видеоселектор йиғилиши ўтказилди.
Йиғилишда тадбиркорликни ривожлантириш бўйича шаҳар ва туманлардаги қўшимча имкониятлар таҳлил қилиниб, уларни ишга солиш чоралари белгиланди.
Жорий йил 1 декабрга қадар 500 миллиард сўм қўшимча захира шакллантиришга тўлиқ имконият борлиги аниқ ҳисоб-китоб қилинган. Ушбу маблағлар эҳтиёжманд аҳолини қўллаб-қувватлаш учун республика бюджетидан берилаётган пулларга қўшимча ресурс бўлади.
Август ойида 20 минг, сентябрда 26 мингта корхона фаолиятини тўлиқ қувватга олиб чиқиш, уларнинг пандемия туфайли тўпланиб қолган маҳсулотларини сотиш учун шарт-шароитлар яратиш зарурлиги таъкидланди. 
Бунинг учун йирик шаҳарларда қўшимча савдо жойлари ташкил этиш, талаб юқори бўлган истеъмол маҳсулотларини тўлиқ электрон савдо тизимларига жойлаштириш вазифаси юклатилди. 
Вилоят ҳокимлари Бизнес-омбудсман, Божхона қўмитаси билан бирга 1 октябргача тадбиркорлар томонидан келтирилган технологик ускунани ишга тушириш ҳамда улар учун ер, бино, электр, газ ва бошқа муҳандислик-коммуникация масалаларини ҳал қилиш зарурлиги қайд этилди.
Яна бир захира – эркин иқтисодий зоналардаги муҳандислик-коммуникация тармоқлари билан таъминланган 1 минг гектардан зиёд бўш ер майдонлари. Уларда 17 минг иш ўрни яратиладиган 120 та лойиҳани амалга ошириш мумкин. Йиғилишда ушбу лойиҳаларни пухта шакллантириб, тезроқ ишга тушириш муҳимлиги қайд этилди.
Йиғилишда ишсиз ёшлар ва хотин-қизлар бандлигини таъминлаш масаласига алоҳида аҳамият қаратилди. Бош вазир ўринбосарига уларни талаб юқори бўлган касблар ва тадбиркорликка ўқитиш, шу асосда бизнесини йўлга қўйишда молиявий қўллаб-қувватлаш тартибини жорий этиш вазифаси юклатилди. 
Бу ишларни тизимли амалга ошириш мақсадида, мамлакатимизда жорий этилган “темир дафтар”лар сингари, ишсиз ёшлар бўйича алоҳида (“Ёшлар дафтари”), ишсиз ва боқувчисиз хотин-қизлар бўйича алоҳида (“Аёллар дафтари”) рўйхатлар шакллантириб, ҳар бири билан янги тизим, янгича тартибда манзилли ишлаш муҳимлиги таъкидланди.   
Видеоселектор йиғилишида сўзга чиққан ҳокимлар тадбиркорликни ривожлантириш, қўшимча захираларни шакллантиришга доир режалари юзасидан ахборот берди.
7205views0replies
0

Изоҳлар