Излаш
RUUZ

Жамият

Аёлларнинг жамоат жойларида ҳижобда юришларига оид расмий тақиқ бекор қилиниши мумкин

Янги таҳрирдаги «Виждон эркинлиги ва диний ташкилотлар тўғрисида»ги Қонун лойиҳаси муҳокамадан ўтиб қабул қилинса, «жамоат жойларида ибодат либосларида юриш»га бўлган тақиқ бекор қилинади.

4367views0replies
0

Мусулмонлар идораси

«Виждон эркинлиги ва диний ташкилотлар тўғрисида»ги Қонун лойиҳаси жамоатчилик муҳокамасига қўйилди.
Қонун лойиҳаси ҳар кимнинг виждон эркинлигига бўлган ҳуқуқини, динга бўлган муносабатдан ташқари фуқаролар тенглигини, жамиятда миллатлараро ва конфессионлараро келишувни таъминлаш борасида давлат органлари ва диний ташкилотлар ўртасидаги муносабатларни тартибга солишга қаратилган.
Шунингдек, мазкур Қонуннинг янги таҳрири лойиҳасида 1998 йил 1 майда қабул қилинган таҳрири 14-моддасига, яъни диний урф-одатлар ва маросимларни ўтказиш тартибини белгиловчи моддасига ўзгартиришлар киритилган.
Жумладан, амалдаги Қонунга кўра, Ўзбекистон Республикаси фуқароларнинг (диний ташкилотларнинг хизматидагилар бундан мустасно) жамоат жойларида ибодат либосларида юришларига йўл қўйилмайди.
Муҳокама учун эълон қилинган ушбу Қонуннинг янги таҳририда эса диний маросим ва ибодатларга оид тартиб 13-моддада келтириб ўтилган, аммо унда “жамоат жойларида ибодат либосларида юришга” оид чекловлар назарда тутилмаган. Яъни амалдаги Қонуннинг мазкур чекловга оид қисми чиқариб ташланмоқда.
Эслатиб ўтамиз, шу кунга қадар жамоат жойида ибодат либосида, жумладан аёлларнинг ҳижобда юришлари мумкин эмаслиги «Виждон эркинлиги ва диний ташкилотлар тўғрисида»ги Қонуннинг юқорида қайд этилган моддаси билан тақиқлаб келинган эди.
Шунингдек, «ибодат либоси» тушунчаси атрофида ҳам турли тушунмовчиликлар келиб чиқаётган эди.
4367views0replies
0

Изоҳлар