Излаш
RUUZ

Жамият

Янги таҳрирдаги «Виждон эркинлиги ва диний ташкилотлар тўғрисида»ги Қонун лойиҳаси эълон қилинди

Хусусий тартибда диний таълим бериш ноқонуний диний фаолият деб топилади ва қонун билан чекланади.

3552views4replies
0

UzNews.uz

Янги таҳрирдаги «Виждон эркинлиги ва диний ташкилотлар тўғрисида»ги Қонун лойиҳаси ишлаб чиқилиб, жамоатчилик муҳокамаси учун эълон қилинди.
Қонун лойиҳаси ҳар кимнинг виждон эркинлигига бўлган ҳуқуқини, динга бўлган муносабатидан ташқари фуқаролар тенглигини, жамиятда миллатлараро ва конфессиалараро келишувни таъминлаш борасида давлат органлари ва диний ташкилотлар ўртасидаги муносабатларни тартибга солишга қаратилган.
Янги таҳрирдаги Қонун лойиҳасига кўра, виждон эркинлиги фуқароларнинг ҳар қандай динга эътиқод қилиш ёки ҳеч қандай динга эътиқод қилмасликдан иборат кафолатланган конституциявий ҳуқуқидир.
Дин давлатдан ажратилган.
Ҳеч ким диний эътиқодини рўкач қилиб қонунда белгиланган мажбуриятларни бажаришдан бош тортишга ҳақли эмас. Бажарилиши мажбурий бўлган бир вазифани диний эътиқоди туфайли бошқаси билан алмаштиришга қонунда назарда тутилган ҳоллардагина йўл қўйилади.
Ўзбекистон Республикасида диний моҳиятдаги сиёсий партия ва бошқа жамоат бирлашмаси тузишга ҳамда уларнинг фаолият юритишига йўл қўйилмайди.
хусусий тартибда диний таълим бериш ноқонуний диний фаолият деб топилади ва қонун билан чекланади. Ота-оналар ёки уларнинг ўрнини босувчи шахслар ўзларининг болаларига диний амалиёт ва одоб-аҳлоқ асосларини ўқитиши бундан мустасно.
Ўзбекистонда таълим тизими диндан ажратилган. Таълим тизимининг ўқув дастурларига (диний таълим муассасалари бундан мустасно) диний фанлар киритилишига йўл қўйилмайди.
Марказий бошқарув органларини ва диний таълим муассасаларини рўйхатдан ўтказиш Адлия вазирлиги томонидан амалга оширилади.
Виждон эркинлиги ва диний ташкилотлар тўғрисидаги қонун ҳужжатларини бузишда айбдор бўлган шахслар қонунда белгиланган тартибда жавобгар бўлади.
Эслатиб ўтамиз, Қонун лойиҳасини такомиллаштиришда жамоатчилик фикрини ўрганиш мақсадида лойиҳа Қонунчилик палатаси сайтининг “Жамоатчилик муҳокамасига қўйилган қонун лойиҳалари” рукнига жойлаштирилган.
Ҳужжат лойиҳаси бўйича фикр-мулоҳаза ва таклифларни [email protected] манзилига йўллаш мумкин.
Маълумот учун, 1991 йилда ишлаб чиқилган мазкур қонун 1998 йил 1 майда янги таҳрирда Ўзбекистон Республикасининг 618-I-сонли «Виждон эркинлиги ва диний ташкилотлар тўғрисида»ги Ўзбекистон Республикаси Қонунига ўзгартишлар ва қўшимчалар киритиш ҳақида»ги Қонуни билан тасдиқланган.
3552views4replies
0

Изоҳлар