Излаш
RUUZ

Жамият

"Маҳалла раислари ноҳақ бўлиб чиқаяпти": Ботир Парпиев тизим адолатли танқид қилинганини тан олди

Вазир ўринбосари интернетни “Ишқилиб яна бир бало чиқмаган бўлсин-да маҳалла ҳақида” деган хавотир билан кузатаётганини айтди.

1430views0replies
0

Маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш вазирлиги

Кеча, 19 август куни Маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш вазирлигида видеоселектор йиғилиши ўтказилган. Унда нутқ сўзлаган вазир ўринбосари Ботир Парпиев ҳукумат томонидан тизим раҳбарларига берилган жазо адолатли эканини айтган.  
“Ўз ишининг моҳиятини тўғри тушунмайдиган вилоят, туман ва шаҳар тизимида ишлаётган раҳбарлар ҳамда ўз вазифасига номуносиб маҳалла раислари туфайли шу аҳволга тушиб қолдик.
Айниқса, охирги пайтларда интернет тармоқларини “ишқилиб яна бир бало чиқмаган бўлсин-да маҳалла ҳақида” деган хавотир билан кузатадиган бўлиб қолдик. Чунки бизга тушган раислардан норози бўлиб ёзилган мурожаатлар, ижтимоий тармоқлардаги материалларни ўрганганимизда кўпинча маҳалла раислари ноҳақ бўлиб чиқаяпти”, деган вазир ўринбосари.  
2020 йил 19 август ҳолатига кўра, вазирликка маҳалла раиси ва ходимлари хатти-ҳаракатидан норозилик мазмунида 5173 та мурожаат келиб тушган. Шундан 140 таси тўғридан-тўғри вазирликка келиб мурожаат қилган.
Энг кўп мурожаат Қашқадарё вилоятида 756та, Тошкент шаҳрида 640та, Сурхондарё вилоятида 578та, Самарқанд вилоятида 450та, Тошкент вилоятида 397та, Фарғона, Андижон ва Наманган вилоятларида 360тани ташкил этади.
Эслатиб ўтамиз, 8 август куни Бош вазир А.Арипов бошчилигида ўтказилган видеоселектор йиғилишида тизим фаолиятида ишни ташкил этиш борасидаги камчиликлар таҳлил қилиниб, маҳаллалар билан самарали иш ташкил эта олинмагани, натижалар қониқарли эмаслиги, ишда йўл қўйган камчиликлари учун Маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш вазири Раҳмат Маматов, вазир ўринбосарлари Азизбек Икромов ва Ботир Парпиевга ҳайфсан эълон қилинганди.
1430views0replies
0

Изоҳлар