Излаш
RUUZ

Иқтисодиёт

Ўзини ўзи банд қилганлар имконияти кенгайтирилади — Қарор лойиҳаси

Ушбу фаолият эгалари ташкилотларга шартнома асосида бир марталик хизматлар кўрсатиши мумкин.

817views0replies
0

UzNews.uz

Ўзбекистон Республикаси норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар лойиҳалари муҳокамаси порталида Вазирлар Маҳкамасининг “Ўзини ўзи банд қилган шахсларни давлат солиқ хизмати органларида рўйхатга олиш тартиби тўғрисидаги низомни тасдиқлаш ҳақида”ги қарори жойлаштирилди. Бу ҳақда ДСҚ Матбуот хизмати хабар берди.
Низом ўзини ўзи банд қилган шахсларни давлат солиқ хизмати органларида рўйхатга олиш тартибини белгилайди. Унинг талаблари якка тартибдаги тадбиркорлар, ҳунармандчилик фаолияти субъектлари ва деҳқон хўжаликлари аъзоларига нисбатан татбиқ этилмайди.
Ўзини ўзи банд қилган шахс “SOLIQ” махсус мобил иловаси ёки солиқ тўловчининг шахсий кабинети орқали рўйхатдан ўтади. 
Ўзини ўзи банд қилган шахснинг фамилияси, исми ва отасининг исми, паспорт серияси ва рақами, яшаш манзили тўғрисидаги маълумотлар ДСҚ ва ИИВ маълумотлар базаси асосида автоматик тарзда шаклланади.
Ўзини ўзи банд қилган шахслар доимий яшаш жойидан қатъи назар, меҳнат фаолиятини амалга оширадиган ҳудуд бўйича давлат солиқ хизмати органларида ҳисобга қўйилади. Унга давлат солиқ хизмати органларида ҳисобга қўйилганлиги тўғрисида махсус мобил илова ёки шахсий кабинети орқали матрицали штрих кодга (QR-код) эга бўлган маълумотнома юборилади.
Ўзини ўзи банд қилган шахсларни рўйхатдан ўтказишда ҳақ ундирилмайди.
Низомда ўзини ўзи банд қилганлар меҳнат фаолиятини амалга оширишнинг ўзига хос хусусиятлари кўрсатилган:
– агар ўзини ўзи банд қилган шахс меҳнат фаолиятини муайян муддатга тўхтатса, у фаолиятини тўхтатгунига қадар “SOLIQ” махсус мобил иловаси ёки шахсий кабинети орқали давлат солиқ хизмати органига фаолиятини вақтинчалик тўхтатиш тўғрисида билдиришнома юборади. Ўзини ўзи банд қилган шахс фаолияти вақтинча тўхтатилганлиги тўғрисидаги билдиришнома ижтимоий солиқни тўлашни тўхтатиб туриш учун асос бўлади.
– ташкилотлар томонидан ўзини ўзи банд қилган шахсларни шартнома асосида бир марталик хизматлар кўрсатиш ва ишларни бажариш бўйича фаолиятга жалб қилишга йўл қўйилади. Бунда ўзини ўзи банд қилган шахслар меҳнатига ҳақ тўлаш ижтимоий солиқни ҳисоблаб чиқиш объекти ҳисобланмайди.
– ўзини ўзи банд қилиш тартибида меҳнат фаолиятини амалга ошириш натижасида олинган даромадларга жисмоний шахслардан олинадиган даромад солиғи татбиқ этилмайди. Бунда, ўзини ўзи банд қилган шахсларнинг меҳнат фаолиятидан ташқари олинган даромадлари Солиқ кодексида белгиланган тартибда солиққа тортилади.
Ўзини ўзи банд қиладиган шахслар учун фаолият (ишлар, хизматлар) турлари рўйхатига яна бир – “Номоддий маданий мерос объектларини (дорбоз, аския ва лапар) асраш ва улардан фойдаланиш фаолияти” қўшилди. Жами 68 тага етган.
Қонун ҳужжати лойиҳаси муҳокамаси 21 августгача давом этади.
Эслатиб ўтамиз, қўмита аввалроқ “Giveaway” – ижтимоий тармоқлардаги фаолият билан шуғулланувчи шахслар даромад солиғи тўлаши кераклиги ҳақида огоҳлантирган эди.  
Шунингдек, 6 август ҳолатига, ўзини ўзи банд қилганлар сони 219 931 нафаргача ўсгани ва қайси соҳа ўзбекистонликлар орасида оммабоп эканлиги ҳақида маълумотларни ҳам тақдим қилганди.
817views0replies
0

Изоҳлар