Излаш
RUUZ

Жамият

Ўзбекистонликлар орасида ўзини ўзи банд қилиш бўйича қайси фаолият тури оммабоп?

6 август ҳолатига, ўзини ўзи банд қилганлар сони 219 931 нафаргача ўсган.

1402views0replies
0

ЎзА

2020 йил 1 июлдан бошлаб Ўзбекистонда ўзини ўзи банд қилишни рўйхатга олиш – мустақил ишловчиларни расман рўйхатдан ўтказиб, уларнинг фаолиятини қонунийлаштиришнинг соддалаштирилган тартиби жорий этилди.
Ўзини ўзи банд қилган шахс 67 та фаолият туридан бири билан шуғулланиши мумкин. Бунинг учун фақатгина Soliq мобил иловасида ёки cолиқ органларининг электрон давлат хизматлари портали – my.soliq.uz’да хабар бериш тартибида рўйхатдан ўтиш лозим.
Ўзбекистонда 6 август ҳолатига, ўзини ўзи банд қилганлар сони 219 931 нафаргача ўсди.
Ҳудудлар кесимида бу қуйидагича:
Самарқанд вилояти – 33 230;
Наманган вилояти – 25 341;
Бухоро вилояти – 22 599;
Тошкент шаҳри – 22 005;
Фарғона вилояти – 18 740
Динамика шуни кўрсатмоқдаки, ўзини ўзи банд қилганлар учун мавжуд 67 турдаги фаолият туридан маиший хизматлар соҳаси (сартарошлик, маникюр, косметолог, педикюр, уйда кир ювиш ва дазмоллаш, калитлар тайёрлаш, пойабзал тикиш, таъмирлаш ва бўяш хизматлари) энг талабгир бўлиб турибди – 60 684 нафар шахс ўзини ўзи банд қилган;
Аксарият ҳудудлар аҳолиси қишлоқ хўжалиги йўналиши бўйича хизматлар (чорва молларини ўтлатиш, уларни парвариш қилиш, қишлоқ хўжалик ўсимликларини экиш ва парвариш қилишда томорқа эгаларига ёрдам бериш) соҳасига қизиқиш билдирмоқда – 46 845 нафар шахс ўзини ўзи банд қилган;
Саноат йўналиши бўйича хизматлар (ёғоч меъморчилиги, сантехника хизмати, электр монтаж ишлари, макулатура, пластик идиш, темир терсак тўплаш ва қўшимча хомашё тўплаш) соҳасида 37 901 нафар шахс хизмат кўрсатишни афзал кўрган;
Ижтимоий йўналишлар бўйича хизматлар (уйда репетиторлик қилиш, болаларга қараб туриш ва уларни парвариш қилиш, уй хўжалигини юритиш, хоналарни тозалаш, халқ табобати) соҳасида ҳам юқори кўрсаткич – 36 662 нафар шахс ўзини ўзи банд қилган;
Рўйхатга олишнинг дастлабки кунлариданоқ халқ истеъмоли моллари ишлаб чиқариш ва хизматлар кўрсатиш (нон, уйда поп-корн, музқаймоқ, салатлар, салқин ичимликлар, айрон, гўжа ҳамда деҳқон бозорларида қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини сотиш) мамлакатда энг оммабоп йўналишлардан бири эканлиги маълум бўлган эди – 34 277 нафар фуқаро рўйхатдан ўтди;
Ахборот коммуникация йўналиши бўйича (ижтимоий тармоқлардаги фаолият, дастурий таъминот, мобил иловалар ва веб сайтларни ишлаб чиқиш, матнни яратиш ва ишлов бериш) 3 546 нафар шахс хизмат кўрсатмоқда.
1402views0replies
0

Изоҳлар