Излаш
RUUZ

Жамият

Карантин чоралари босқичма-босқич бекор қилинади — Танзила Норбоева

Бугун Сенатнинг олтинчи ялпи мажлиси бўлиб ўтмоқда.

1446views0replies
0

senat.uz

Аввал хабар берганимиздек, бугун Сенатнинг олтинчи ялпи мажлиси бўлиб ўтмоқда. Унда парламент юқори палатаси Раиси Танзила Нарбаева ўз нутқида пандемия шароитида инсонларнинг нафақат жисмоний иммунитети, балки одамийлиги ва эътиқоди ҳам синалаётганиги таъкидлади.
– Бугун халқимиз буюк миллатларга ҳос матонат билан, кўрилаётган чора-тадбирларни қўллаб-қувватлаётганини, карантин чекловларининг ҳаётий зарурат эканлигини тушуниш билан қабул қилаётганини ва имконияти даражасида эҳтиёжмандларга амалий кўмаклашаётганини алоҳида эътироф этишимиз керак, – деди Сенат Раиси Т.Нарбаева. – Ишонамизки, фуқароларимиз бундан кейин ҳам ана шундай даҳлдорлик кайфияти билан карантин чораларига қатъий амал қилиб, ўзлари ва яқинлари саломатлигига янада масъулият билан қарайди.
Таъкидлаш жоизки, пандемия қанчалик қийинчиликлар ва ноқулайликлар тўғдирмасин мамлакатимизда ислоҳотлар изчиллик билан давом этмоқда. Президентимизнинг ижтимоий-иқтисодий ривожланишни белгилаб берадиган қатор фармон ва қарорлари эълон қилинмоқда. Улар, сўзсиз, келгусидаги фаолиятимизга яхши кўрсатма бўлиб ҳисобланади.
Шу жумладан, Сенат ҳам ўз ишини сусайтиргани йўқ. Йил бошидан бери ўтказилган бешта ялпи мажлисимизнинг деярли ҳаммаси карантин пайтига тўғри келди. Онлайн тарзда ўтказилган мажлисларимизда давлат ва жамият ҳаётининг турли соҳаларига доир 90 га яқин масала, жумладан 33 та қонунни кўриб чиқилди. Ҳукумат аъзоларига 4 та парламент сўрови юборилди. Халқаро парламент муносабатлари доирасида 30 га яқин учрашув ва онлайн мулоқотлар ўтказилди.
Сессиялар оралиғида Сенат Кенгаши ҳамда қўмиталари томонидан кўплаб тадбирлар, таҳлиллар амалга оширилди. Турли йўналишларга оид таклиф ва ташаббуслар илгари сурилиб, амалиётга татбиқ этилди.
Барқарор ривожланиш соҳасидаги Миллий мақсадлар ва вазифаларга эришиш борасида парламент иштирокини таъминлаш бўйича амалий ҳаракатларга киришилди.  
Сенат раиси ўз нутқини давом эттирар экан, карантин чоралари босқичма-босқич бекор қилиниши ҳақида тўхталди.
«Ҳозирги қийинчиликлар албатта ўтади. Пандемия ҳам барҳам топади. Бироқ келгусида бу каби қийинчиликлар бўлмайди деб ҳеч ким кафолат бера олмайди. Шундай экан, барча соҳалардаги тартиб-таомилларни мана шундай шароитларга мослаштиришимиз зарур деб ҳисоблаймиз.
Эндиликда карантин чоралари босқичма-босқич бекор қилинади. Аҳоли ўртасида соғлом турмуш тарзи тўғрисидаги кенг тарғибот ишларини кучайтиришимиз, касалликка чалинганларни ишлаб чиқилган протоколлар асосида даволаш билан бирга нормал ҳаётга қайтаришимиз, яъни иқтисодиётимизни ривожлантиришимиз зарур. Бунда айниқса қонунларимизни такомиллаштириш биринчи галдаги вазифаларимиздан бири бўлиб ҳисобланади», — деди Норбоева.
1446views0replies
0

Изоҳлар