Излаш
RUUZ

Ҳодисалар

Байрут биринчиси эмас: нитрат аммоний яна қаерларни вайрон қилган?

Нитрат аммоний – бу табиий ҳолда учрамайдиган, синтетик усулда ишлаб чиқариладиган ва қишлоқ хўжалигида ўғит сифатида фойдаланиладиган моддадир.

1297views0replies
0

Wael Hamzeh / EPA

Нитрат аммоний – бу табиий ҳолда учрамайдиган, синтетик усулда ишлаб чиқариладиган ва қишлоқ хўжалигида ўғит сифатида фойдаланиладиган моддадир.
Бу модда шунингдек, тоғ-кон саноатида портловчи моддаларнинг таркибий қисми ҳам ҳисобланади. Аммо ҳозирги кунда унинг кучи замонавий муқобилларига қараганда анча заиф, аммо нархи анча арзон туради. Шу сабабли ҳам қўпорувчи-террористик ташкилотлар бу “масаллиқ”нинг харидори ҳисобланадилар.
Нитрат аммоний (аммиакли селитра)нинг ўзи хавфсиз бўлсада, бошқа матералларнинг ёнишини тезлаштирадиган кислород манбаи бўлиб хизмат қилади. 
Буюк Британиялик ҳарбий разведкачи Филипп Инграмнинг таъкидлашича, узоқ вақт сақланган аммиакли селитра тез ёнадиган ифлослантирувчи моддаларни ўзлаштиради.
The Conversation нашри эса юқори ҳароратда ушбу модда тез парчаланишини, натижада газ (азот оксиди) ва  буғ ҳосил бўлишини айтмоқда. Айнан газнинг тез ажралиши эса портлашни келтириб чиқаради.
Forbes’нинг маълумотига кўра, Байрутдаги 2,7 минг тонна аммиакли селитранинг портлашини 1 килотонна тротиланинг портлаш кучига тенглаштириш мумкин.
Аммиакли селитра портлашидан ҳавога кўп миқдорда азот оксиди ажралади. Азот оксиди қизил рангдаги ёқимсиз ҳидли газ бўлиб, Байрутдан олинган фотосуратлардаги олчаранг бунинг мисолидир. Бу модданинг ҳавода белгиланган миқдордан ортиши нафас йўлларида муаммоси бор кишилар учун хавфли ҳисобланади.  
Байрут биринчисими?..
Ушбу модданинг 4500 тоннаси илк бор 1921 йилда Германиянинг Оппа шаҳридаги заводда портлаган. Ўшанда 500 дан ортиқ киши вафот этган.
1942 йилнинг 29 апрелида Бельгиянинг Тессендерло шаҳарчасидаги кимё заводида портлаган эди. Ўшанда 189 киши ҳалок бўлган, юзлаб киши яраланган. Портлаш соат 11:20 да юз берган ва яқин ўртадаги мактабда дарс ўрганаётган кўп сонли ўқувчи ўлган. Портлашдан кейин диаметри 70, чуқурлиги 23 метрга тенг чуқурлик пайдо бўлган.  
Нитрат аммоний билан боғлиқ яна бир йирик ҳалокат АҚШда 1947 йилда кузатилган. 16-17 апрель кунлари Техаснинг Галвестон портида рўй берган ёнғин пайтида иккита кемадаги 2000 тоннадан ортиқ кимёвий модда портлаши оқибатида 600 киши ҳалок бўлди. 
2001 йилнинг 21 сентябрида Франциянинг Тулуза шаҳридаги AZF кимё заводида ҳам нитрат аммоний портлаб, 31 кишини ҳаётдан олиб кетди. Ҳодисада жами 8 минг киши яралади. Портлаш аввалига теракт деб тахмин қилинди, бироқ кейинроқ 500 килограмм нитрат аммоний эҳтиётсизлик натижасида портлагани аниқланди. 
АҚШнинг Техас штатида иккинчи бор нитрат аммоний портлаши 2013 йилнинг 17 апрелида ўғит заводида кузатилган. Ўшанда 12 киши ҳалок бўлган, камида 200 киши жароҳатланган.  
2015 йилнинг 12 августида Хитойнинг Тяньцзин шаҳридаги саноат зонасида юз берган портлашда 173 киши ҳалок бўлди.
Элбек БОЙМУРАДОВ тайёрлади
1297views0replies
0

Изоҳлар