Излаш
RUUZ

Жамият

Ҳоким ўринбосари бизнес-омбудсманнинг мурожаатига беписанд қарагани учун жаримага тортилди

Ф. Садуллаевга нисбатан шунингдек, маъмурий ҳуқуқбузарлик тўғрисида баённома расмийлаштирилган.

942views0replies
0

UzNews

Амударё туман ҳокимининг қишлоқ ва сув хўжалиги масалалари бўйича ўринбосари Ф.Садуллаев Амударё туман маъмурий суд қарори билан жаримага тортилди. Бунга унинг Президент ҳузуридаги Тадбиркорлик субъектларининг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш бўйича вакили мурожаатига беписанд қарагани сабаб бўлган. Бу ҳақда Бизнес-омбудсман UzNews.uz'га хабар берди.
Тадбиркорлик субъектларининг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини ўз вақтида ҳимоя қилиш мақсадида амалдаги қонун ҳужжатларида Бизнес-омбудсман ва унинг девони ходимларининг қонуний талабларини муайян муддатларда кўриб чиқиш белгиланган. 
Аммо тегишли қонун бузилиш ҳолатларини содир этаётган мансабдор шахслар ҳам учрамоқда.
Хусусан, Қорақалпоғистон Республикаси Амударё туманида фаолият юритувчи «Аму наслли чорва» номли фермер хўжалиги раҳбари чорвачиликни риовжлантириш учун ер майдони ажратилмаётганлигидан норози бўлиб мурожаат қилган.
Мурожаат юзасидан фермер хўжалигига тегишли амалий ёрдам кўрсатиш мақсадида жорий йилнинг 5 май куни Амударё туман ҳокимлигига сўров хати юборилган. Сўров хатини ижро қилиш туман ҳокимининг қишлоқ ва сув хўжалиги масалалари бўйича ўринбосари Ф.Садуллаевга йўналтирилган.
Сўров хатида мурожаат юзасидан тегишли маълумотлар жорий йилнинг 11 май кунига қадар тақдим қилиниши кўрсатилган бўлсада, Ф.Садуллаев томонидан сўров хати беэътибор қолдирилган.
«Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Тадбиркорлик субъектларининг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш бўйича вакил тўғрисида»ги қонуннинг 18-моддасига кўра давлат органлари ва бошқа ташкилотлар, уларнинг мансабдор шахслари Тадбиркорларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш бўйича вакилга унинг фаолиятида кўмаклашиши, у томонидан сўралаётган, тадбиркорлик субъектларининг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларига тааллуқли бўлган ҳужжатлар, материаллар ҳамда бошқа маълумотларни, агар бошқа муддат белгиланмаган бўлса, сўров олинган кундан эътиборан ўн кундан кечиктирмасдан тақдим этиши шарт.
Ушбу қонун бузилиш ҳолати бўйича ҳоким ўринбосари Ф. Садуллаевга нисбатан маъмурий ҳуқуқбузарлик тўғрисида баённома расмийлаштирилди ва Амударё туман маъмурий суд қарори билан ҳоким ўринбосарига жарима жазоси тайинланди.
942views0replies
0

Изоҳлар